ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Урганч ва Хива шаҳарлари ҳудудида йўловчилар ташиш транспорти хизматларига янги тарифларнинг жорий қилиниши тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-59-сонли қарорининг ижросини таъминлаш ҳамда вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 2 апрелдаги 02-17-33-38/296-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасининг 2025 йил 11 апрелдаги 338/01-04-сонли (хулоса) хатларини инобатга олиб, Урганч ва Хива шаҳарларида умумий фойдаланиладиган транспортда йўлкира ҳақини тўлашда транспорт карталаридан фойдаланувчи йўловчилар қамровини ошириш ва табақалашган тарифлар жорий этиш орқали шаҳар йўловчилар транспорти корхоналари молиявий-хўжалик фаолиятининг самарадорлигини ошириш, йўловчи ташишдан кўрилаётган зарар миқдорини камайтириш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-59-сонли қарорига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг мунтазам шаҳар автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизимини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланганлиги;
Урганч шаҳрида автобус йўналишларининг янги тармоғи жорий этилиши, автоматлаштирилган тўлов тизими ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизматининг босқичма-босқич йўлга қўйилиши таъминланиши;
мунтазам шаҳар автобус йўналишида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизимининг босқичма-босқич ишга туширилиши таъминланиши;
жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар учун қулай тарифларни жорий этиш ҳамда электрон тўловларни оммалаштириш мақсадида бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тарифлар қўлланилиши;
йўналишли йўловчи транспортидан фойдаланишда, унинг туридан қатъи назар, кунлик, бир, уч ва олти ойлик, йиллик чекланган ва чекланмаган тариф режалари жорий этилиши;
йўналишларда йўлкира учун нақд пулда тўловлар бўйича тарифларни қайта кўриб чиқиш ва уларнинг электрон тўлов тарифига нисбатан 30 фоизга юқори этиб белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-59-сонли қароридаги топшириқларни бажариш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда автоматлаштирилган тўлов тизимини ривожлантириш мақсадида йўналишларда йўлкира учун нақд пулда тўловлар бўйича тарифларни қайта кўриб чиқиш ва уларни электрон тўлов тарифига нисбатан 30 фоизга юқори этиб белгиланиш тизими жорий этилишига рухсат берилсин.
Бунда:
Урганч ва Хива шаҳарлари ҳудудида шаҳар йўловчи транспорти – автобус қатновларини амалга ошириш учун чекланган тарифлар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) бир йўловчи учун қатнов нақд пул орқали амалга оширилганда чекланган тариф – 3 000 (уч минг) сўм ҚҚС билан;
(2-банднинг «а» кичик хатбошиси Хоразм вилояти Кенгашининг 2026 йил 18 июндаги 223-12-0-Қ/26-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) бир йўловчи учун қатнов электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда 1 марталик чекланган тариф – 2 300 (икки минг уч юз) сўм ҚҚС билан этиб белгилансин (Хива шаҳри бундан мустасно);
(2-банднинг «б» кичик хатбошиси Хоразм вилояти Кенгашининг 2026 йил 18 июндаги 223-12-0-Қ/26-сонли қарори таҳририда)
д) қатновлар сонига боғлиқ ҳолда, белгиланган тариф режаларининг нархлари 1-иловага ва транспорт карталаридан фойдаланилганда алмашиш тарифлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Вилоят транспорт бошқармаси (Т. Сатимов) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик вакиллари ва экспертларни жалб қилган ҳолда аҳоли орасида:
а) янги ташкил этиладиган жамоат транспорти йўналишларининг афзаллиги, қулайлиги, тезкорлиги ҳамда мунтазамлиги;
жамоат транспортида электрон тўлов тизимларидан фойдаланишнинг ҳамда табақалаштирилган тарифларнинг афзалликлари ва қулайликлари;
жамоат транспортида йўлкира тўловлари амалга оширилишини назорат қилувчи назоратчилар гуруҳи фаолияти ташкил қилинганлиги кенг ёритилишини таъминласин;
б) тадбиркорлик субъектлари орасида «босиб ўтилган йўл» ва «сифат» мезонлари бўйича бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда жамоат транспорти фаолиятини молиялаштиришнинг янги тизимининг жозибадорлиги ва кафолатланган бизнесга айланаётганлиги юзасидан брифинглар ўтказсин.
4. Вилоят транспорт бошқармаси (Т. Сатимов) мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ йўловчиларни ташувчи тегишли ташкилот ва корхоналар билан тузилган танлов (тендер) шартномаларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритсин.
5. Шаҳар йўловчилар ташиш транспортидан (таксидан ташқари) имтиёзли (бепул) фойдаланувчилар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан вилоят ҳокимининг 2023 йил 28 октябрдаги «Урганч ва Хива шаҳарлари ҳудудида йўловчилар ташиш транспорти хизматларига янги тарифларнинг жорий қилиниши тўғрисида»ги 366-12-0-Қ/23-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ушбу қарор «Хоразм ҳақиқати» газетасида расмий эълон қилинганидан кейин кучга киради.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари М. Ачилов зиммасига юклансин.
Вилоят ҳокими Ж. РАХИМОВ
Хоразм вилояти,
2025 йил 11 июнь,
263-12-0-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.