ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БОЙСУН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Бойсун тумани бюджетининг 2025 йил I чорак якунига кўра даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан маблағ ажратиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-589 сон Қонунининг 20-моддасига мувофиқ туман бюджетининг жорий йил I чорак якунига кўра даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобига шаклланган маблағларидан фойдаланиш бўйича халқ депутатлари Бойсун тумани Кенгаши, қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2019 йил 9 декабрдаги ЎРҚ-589 сон Қонунининг 20-моддасига мувофиқ, маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тартиби белгилаб қўйилганлиги маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туман ҳокимлиги, туман иқтисодиёт ва молия бўлими ҳамда мутасадди ташкилотларнинг туман бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағ ажратиш юзасидан киритган таклифлари маълумот учун қабул қилинсин.
3. Туман бюджетининг 2025 йил I чорак якунига кўра даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми 205,0 млн.сўмни ташкил этганлигини ҳисобга олиб, ушбу маблағлар ҳисобидан 205,0 млн.сўм жами шаклланган маблағнинг 100,0 фоизи қуйидаги соҳаларга:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги ПҚ-5072 сон қарорига асосан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришда туман бюджети қўшимча маблағларининг 30 фоизидан кам бўлмаган миқдорда йўналтириш учун — 62,0 млн сўм;
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига — 21,0 млн сўм.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 646 сонли қарори 1-иловасининг 26-банди ижросини таъминлаш мақсадида олис ҳудудлардаги мактабларга бошқа жойлардан келиб ишлаётган ўқитувчиларнинг ижара тўлови учун;
Ёшлар дафтари жамғармасига ўтказиш учун — 20 млн сўм;
Аёллар дафтари жамғармасига ўтказиш учун — 20 млн сўм;
«Ўздаверлойиҳа» институтига тумандаги 14 га ер майдонини ер фонди тоифасини ўзгартириш ишлари учун — 10 млн сўм;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги «Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-427 сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида — 72,0 млн сўм.
4. Маҳаллий бюджетнинг қўшимча шаклланган маблағлари фавқулодда вазиятларда ва шунга ўхшаш кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши талаб этиладиган ҳолларда Кенгашга кейин ҳисобот бериш шарти билан ҳокимнинг қарори асосида йўналтирилиши мумкинлиги белгилансин.
5. Қўшимча манбаларнинг бир қисмини туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муносабати билан тегишли ташкилот ва муассасалар ҳисобига ўтказиб бериладиган маблағларнинг натижадорлигини ва мақсадлилигини таъминлаш учун Иқтисодиёт ва молия бўлимига харажатлар йўналишини аниқлаштириш вазифаси юклатилсин.
6. Туман бюджетининг 2025 йил I чорак якунига кўра даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан йўналтирилган маблағлар тўғрисида халқ депутатлари туман Кенгашига чорак якуни билан туман ҳокимлиги томонидан ҳисобот бериб борилиши белгилансин.
7. Туман бюджетининг қўшимча манбаларидан маблағ олувчиларнинг раҳбарлари ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, шунингдек, ушбу маблағларни ажратилиши учун тақдим этиладиган барча ҳужжатларнинг ҳаққонийлигига шахсан жавобгар эканлиги белгилансин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари Бойсун туман Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Қ.Алимов зиммасига юклатилсин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан кучга киради.
Кенгаш раиси ШУКУРОВ БОХАДИР ШОТУРАЕВИЧ
Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани,
2025 йил 9 июнь,
VII-9-60-8-110-K/25-сон