ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ УЧКЎПРИК ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Учкўприк тумани маҳаллий бюджетининг 2025 йил биринчи чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан фойдаланиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27 ва 126-моддаларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, халқ депутатлари Кенгашларига маҳаллий бюджетларни бошқаришда эркинликлар берилиб, солиқлар ва йиғимлар бўйича ставкаларни белгилаш, маҳаллий бюджет ҳаражатлари ижроси бўйича ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлиги ҳамда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбаларидан фойдаланиш йўналишларини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 126-моддасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 12 мартдаги 249-IV-сон қарорига мувофиқ туман маҳаллий бюджетининг 2025 йил биринчи чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан фойдаланиш мақсадида халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Туман маҳаллий бюджетининг 2025 йил биринчи чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан шаклланган маблағлари 1 339,3 млн сўмни (шундан, 133,7 млн сўм қисми ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан шакилланган) ташкил этганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 126-моддасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 12 мартдаги 249-IV-сон қарорининг 5-бандида маҳаллий бюджет қўшимча манбаларидан фойдаланишда қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда, маблағларнинг фақатгина (фавқулодда ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар бундан мустасно) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қарорлари асосида йўналтирилишини таъминлаш кўрсатиб ўтилганлиги маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
3. Туман маҳаллий бюджетининг 2025 йил биринчи чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисмидаги мавжуд маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 мартдаги ПҚ-5072 сон қарорига асосан, Очиқ бюджет жамғармасига йўналтириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2022 йил 12-13 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи якунлари бўйича тасдиқланган мажлис баёнининг 145-бандига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июндаги ПҚ-3042 сон ва 2017 йил 9 январдаги ПҚ-2722 сон қарорларига ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг 2025 йил 23 январдаги VII-5-12-11-162-K/25-сон қарорига асосан туман ҳокимлиги ва туман иқтисодиёт ва молия бўлими ходимларини моддий рағбатлантириш, иш самарадорлиги ва масъулиятини янада ошириш, ходимларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитларини янада яхшилаш, улар ўртасида коррупциявий муҳитни шакилланишини олдини олиш мақсадида ишчи-ходимларга 2025 йилнинг иккинчи чорагида ойлик устама пулларини тўлаб бериш, суд қарорига асосан туман ҳокимлигининг мавжуд қарздорликларини тўлаб бериш, туман ҳокимлиги биносида фаолият олиб бораётган қўриқлаш ҳодимларининг ойлик иш ҳақиларини тўлаб бериш ҳамда ушбу халқ депутатлари туман Кенгаши қарорининг иловасида кўрсатилган зарурий харажатларни молиялаштириб бериш мақсадида туман маҳаллий бюджетининг биринчи чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан жами бўлиб 1 338,6 млн сўм маблағ ажратилсин.
Бунда, мазкур ҳаражатларни йўналтиришда лойиҳа-смета ҳужжатлари ўзгариши ва кўзда тутилган тадбирларни молиялаштиришда ноаниқликлар юзага келган ҳолларда маблағлар миқдори ва йўналишларига туман ҳокимининг фармойишлари билан ўзгартиришлар киритиш ҳамда фавқулодда ва тезкор ҳолатларда маблағларни туман ҳокимининг қарор (фармойиш)лари асосида йўналтириш назарда тутилсин.
4. Туман ҳокимлиги ҳисобхонаси (Мўйдинов)га:
бунда ажратилган маблағларни самарали фойдаланиш ва унинг белгиланган тартибда мақсадли йўналтирилишини таъминлаш;
молиялаштириш манбасини очиш учун ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатларни туман молия бўлими ва ғазначилик бўлинмасига тақдим этиш вазифаси юклатилсин.
5. Туман Иқтисодиёт ва молия бўлими (Бегматов)га ажратилган маблағлар доирасида харажатлар сметасига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритиш, туман Ғазначилик ҳизмати бўлинмаси (Эргашев)га тўловларни ўрнатилган тартибда ва ўз вақтида амалга ошириш вазифалари топширилсин.
6. Туман ҳокимининг ўринбосарлари, туман Иқтисодиёт ва молия бўлими (Бегматов) билан биргаликда туман маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, жумладан даромадлар режасини орттириб бажарилган қисмидан фойдаланиш йўналишлари бўйича ҳар чорак якуни билан халқ депутатлари туман Кенгашига маълумот киритилишини таъминласин.
7. Мазкур Кенгаш қарорининг ижросини таъминлаб боришга масъул ва шахсий жавобгар этиб туман ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда туман Иқтисодиёт ва молия бўлими (Бегматов) белгилансин.
Қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг «Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича» доимий комиссияси раиси М.Дехқонов зиммасига юклатилсин.
Сессия раиси М. М. ДЕХҚОНОВ
Фарғона вилояти, Учкўприк тумани,
2025 йил 4 июнь,
VII-13-115-11-162-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.