ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Вилоят бозорлари ва савдо комплексларида бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қийматларининг миқдорларини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1326 сонли қарорига мувофиқ, вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 3 апрелдаги 01-12/20-04-38/803 сонли, вилоят солиқ бошқармасининг 2025 йил 15 апрелдаги 32-22752 сонли хатлари ҳамда вилоят ҳокими биринчи ўринбосарининг 2025 йил 12 мартдаги 115/16-26 сонли билдиргисига асосланиб, қарор қиламан:
1. Қуйидагилар:
бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг миқдорлари 1-иловага мувофиқ;
Навоий шаҳридаги «Навоий савдо комплекси» акциядорлик жамиятига қарашли 4 қаватли савдо комплексида ундириб олинадиган ижара тўлови миқдорлари 2-иловага мувофиқ;
вилоятдаги бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудидаги умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган мажбурий хизматлар рўйхати ва қиймати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вилоят солиқ бошқармаси (С. Назаров), туман (шаҳар) ҳокимларига:
вилоятдаги бозорлар ва савдо комплексларидан тушадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатилган хизматлар қийматини белгиланган тартибда тўлиқ ундирилишини;ушбу қарорнинг 1-бандига мувофиқ тасдиқланган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатилган хизматлар қиймати миқдорларини вилоятдаги барча бозорлар ва савдо комплекслари, сотувчи ва харидорлар эътиборига етказилишини, бу ҳақдаги маълумотларни барча бозорлар ва савдо комплексларида кўринарли жойларга жойлаштирилишини ҳамда амалда татбиқ этилиши устидан назорат ўрнатилишини;
кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг янги миқдорларини тўғри қўлланилиши ҳамда тўлиқ ундирилиши ва бозорлар даромадларининг белгиланган қисмини маҳаллий бюджетга ўз вақтида ўтказилиши устидан қатъий назорат ўрнатилишини таъминлаш топширилсин.
3. Вилоят ҳокимининг 2019 йил 8 февралдаги «Вилоят бозорлари ва савдо комплексларида бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қийматларининг миқдорларини белгилаш тўғрисида»ги Қ-24 сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати (Ш. Раубаева) мазкур қарорни «Дўстлик байроғи» ва «Знамя дружбы» газеталарида расмий эълон қилинишини ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.
5. Ушбу қарор 2025 йил 1 июндан бошлаб кучга киради.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Р. Сулаймонов, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи С. Назаров зиммасига юклансин.
Вилоят ҳокими Н. ТУРСУНОВ
Навоий вилояти,
2025 йил 28 май,
131-5-0-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.