ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Вилоят ҳудудидаги шаҳар атрофи ва вилоят ичи шаҳарлараро йўловчилар транспортида йўловчи ва багаж ташиш тарифларини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги 674-I-сонли Қонунининг 15-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташувчилар фаолиятини ҳамда уларни молиялаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2012 йил 17 сентябрдаги 273 сон ва «Ҳудудларда жамоат транспорти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 октябрдаги 630 сон қарорлари ижроси юзасидан ҳудудларда (шаҳар ва туманларда) йўловчилар транспортида йўловчи ва багаж ташишнинг йўл қўйиладиган тарифлар даражаси иқтисодий асосланган ташиш харажатларидан ва йўловчилар ташиш хизматларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ қарор қиламан:
1. Сурхондарё вилояти шаҳар атрофи ва вилоят ичи шаҳарлараро йўловчилар транспортида йўловчилар ва багаж ташиш хизматларининг чекланган тарифи қуйидагича белгилансин:
а) автобусларда бир йўловчи км учун 260 (икки юз олтмиш) сўм.
б) йўналишли такси (микроавтобус)ларда бир йўловчи км учун 300 (уч юз) сўм.
в) Термиз шаҳри ҳудудида шаҳар йўловчилар транспорти (автобус)ларда бир йўловчи учун 3 000 (уч минг) сўм;
бир йўловчи учун қатнов транспорт карталари ва электрон тўлов тизими (АТТО) орқали амалга оширилганда бир марталик чекланган тариф миқдори – 2 000 (икки минг) сўм этиб белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикасининг «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги Қонунига асосан йўловчи:
шаҳар ва шаҳар атрофи ва вилоят ичи шаҳарлараро йўналишларидаги автобусларда етти ёшгача бўлган болаларни ўзи билан бепул олиб юриш;
шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишларида йигирма килограммдан ошмайдиган оғирликдаги багажнинг бир ўрнини ўзи билан бепул олиб юриш ва бошқа ҳуқуқларга эга эканлиги инобатга олинсин.
3. Вилоят ҳокимининг «Вилоят ҳудудидаги шаҳар атрофи ва ичи шаҳарлараро йўловчилар транспортида йўловчи ташиш тарифларини белгилаш тўғрисида» 2023 йил 20 ноябрдаги 583-8-0-Қ/23 сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарор «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталарида расман эълон қилинсин ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
5. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Амиров зиммасига юклансин.
Сурхондарё вилоят ҳокими У. Б. ҚОСИМОВ
Сурхондарё вилояти,
2025 йил 20 май,
307-8-0-Q/25-сон