БУХОРО ВИЛОЯТИ ҚОРАКЎЛ ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Қоракўл туманида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона, муассаса, ташкилотлар ва ўқув муассасаларида ҳарбий ҳисобни ва брон қилиш ишларини юритиш ҳамда ташкиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Мудофаа тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 мартдаги 119 сонли «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий рўйхатга олиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори талабларини бажариш мақсадида ҳамда туман мудофаа бўлимининг 2025 йил 21 апрелдаги 312 сонли хатини инобатга олиб қарор қиламан:
1. Туман мудофаа бўлимининг 2025 йил 21 апрелдаги 312 сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари, кимнинг тасарруфида эканлигидан қатъий назар корхона, муассаса, ташкилотлар, шу жумладан таълим муассасаларининг раҳбарларига:
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси томонидан белгиланган қоида ва шакллар бўйича барча ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар рўйхатининг тўкислиги ва сифатини таъминлаш;
Қоракўл тумани ҳудудида жойлашган ташкилот, муассаса, корхона ва таълим муассасаларида ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий ҳисобини юритиш ва ушбу тоифани иқтисодий тармоқларига брон қилиш ишларини ташкиллаштириш ва олиб боришга доир ишлар ҳолатини 2025/26 йил давомида текшириш режаси; (1-иловага асосан)
Ҳарбий хизматга мажбурлар сафарбарлик чақируви резерви ва чақирилувчиларнинг оилавий аҳволи, яшаш жойи, техник ва умумтаълим тайёргарликдаги ўзгаришларни мунтазам ҳисобга олиб бориш, бу ҳақида туман мудофаа ишлари бўлимига белгиланган муддатларда ҳар ойда камида бир марта маълумот бериш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган бронлаш бўйича рўйхатга мувофиқ иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун раҳбарлар, муҳандис-техник ходимлар, малакали ишчилардан иборат ҳарбий хизматга мажбурларни ўз вақтида бронлашни расмийлаштириш бўйича ишларни ташкиллаштириш;
ҳар йил декабрь ойида туман мудофаа ишлари бўлимига ҳарбий хизматга тайёрлаш лозим бўлган чақириққача ёшдаги ўсмирлар ва туман чақирув пунктида қайд қилиниши лозим бўлган ўсмирлар рўйхатларини тақдим қилиш;
Мудофаа ишлари бўлимининг талабига биноан ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни мудофаа ишлари бўлимига келишлари ҳамда хабардор қилиш ва ўз вақтида етиб келишларида кўмаклашиш;
янги ишга (ўқишга) қабул қилинганлар ва ишдан бўшатилганлар (ўқишдан чиқариб юборилган) барча ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳақида 7 кунлик муддат ичида мудофаа ишлари бўлимига хабар бериш;
фуқароларни ишга (ўқишга) қабул қилишда уларда ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари мавжудлигини текшириш (ҳарбий хизматга мажбурларда - захирадаги офисер гувоҳномаси, ҳарбий гувоҳнома, чақирилувчиларда чақирув пунктида қайд қилинганлиги ҳақида гувоҳнома, сафарбарлик чақируви резерви хизматчиларида-ҳарбий гувоҳнома ёки мудофаа ишлари бўлимидан берилган, СЧР да хизматни ўтаётганлиги ҳақида маълумотнома) ва ҳарбий рўйхатда туриш-турмаслигини аниқлаш;
фуқаролар фақат яшаш жойлари бўйича ҳарбий рўйхатга қўйилганлигидан сўнггина ишга (ўқишга) қабул қилиш топширилсин.
3. Қоракўл тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи (З.Алибаев)га:
туман ички ишлар бўлими, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи, суриштирув ва даслабки тергов органлари, тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, корхона, муассаса, ташкилотлар, шу жумладан таълим муассасаларининг раҳбарларидан, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 45-моддасига амал қилиши юзасидан мажбуриятлар қабул қилиш;
Қоракўл тумани ҳудудидаги ўзини ўзи бошқариш органларида ҳарбий хизматга ҳарбий ҳисобини юритиш ишларини ташкиллаштириш ва олиб боришга доир ишлар ҳолатини 2025/26 йил давомида комплекс равишда текшириш тартибларининг режаси; (2-илова текширув режаси бўйича)
туманда жойлашган фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органларида фаолият юритаётган ходимлар билан ҳарбий хизматга мажбурлар, чақирилувчилар ва сафарбарлик чақирув резерви хизматчиларини бошланғич ҳарбий ҳисобини юритиш ҳамда уларнинг ўзларига юклатилган мажбуриятларини бажариш бўйича ўқув услубий машғулот ўтказилишини ташкиллаштириш (Мудофаа ишлар бўлимининг алоҳида режасига асосан);
корхона, муассаса, ташкилотлар, шу жумладан таълим муассасаларида фаолият юритаётган ҳарбий ҳисобни юритувчи масъул ходимлар билан ҳарбий рўйхат бўйича масалалар ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида бронлаш ҳамда уларнинг ўзларига юклатилган мажбуриятларни бажариш бўйича ўқув услубий машғулот ўтказилишини ташкиллаштириш (Мудофаа ишлар бўлимининг алоҳида режасига асосан) топширилсин.
4. Тумандаги корхона, муассаса, ташкилотлар ва таълим муассасаларининг раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 мартдаги 119 сонли қарорига асосан Қоракўл тумани Мудофаа ишлари бўлимига ҳарбий ҳисобни юритиш ва брон қилиш ишларини ўз вақтида сифатли бажарилиши учун (жадвалга биноан) бир нафардан малакали ишчи ходимларни техник хизматчи сифатида ажратиш топширилсин.
5. Туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи З.Алибаевга ушбу қарорнинг талабларини ички ишлар бўлими, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи, суриштирув ва дастлабки тергов органлари, корхона, муассаса, ташкилотлар, шу жумладан таълим муассасаларининг раҳбарларига белгиланган тартибда етказиш топширилсин.
6. Мазкур қарор ижросининг назорати туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ф.Тўхтамуротов ва Туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи З.Алибаевлар зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими Х. ТОҲИРОВ
Бухоро вилояти, Қоракўл тумани,
2025 йил 15 май,
181-2-37-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.