Киритилган қўшимчаларга кўра, халқ депутатлари Кенгаши раисининг ўринбосари лавозими жорий этилиши белгиланди.
Халқ депутатлари Кенгаши раиси йўқлигида ёки у ўз зиммасидаги вазифаларни амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда унинг ваколатларини Кенгаш раисининг ўринбосари бажариб туради.
Шу билан бирга, Кенгаш Раёсати институти жорий этилди.
Унга кўра, Халқ депутатлари Кенгаши Раёсатининг таркибига Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, партия гуруҳлари раҳбарлари, доимий комиссиялар раислари, шунингдек ҳоким киради.
Халқ депутатлари Кенгаши Раёсати:
Кенгаш сессиясининг кун тартиби лойиҳасини шакллантиради;
халқ депутатлари Кенгашининг сессиясини чақиради;
доимий комиссияларнинг ишини мувофиқлаштириб боради.
Шунингдек, Қонун билан Кенгаш депутатлари саволларига жавобларини эшитиш бўйича “Кенгаш соати” институти жорий этилиши белгиланди.
“Кенгаш соати”ни ўтказиш тўғрисидаги таклиф Кенгаш депутатларининг, доимий комиссияларнинг, партия гуруҳларининг ташаббуси асосида Кенгаш Раёсатида кўриб чиқилади.
“Кенгаш соати”нинг ташаббускорлари томонидан Кенгаш депутатларининг тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига бериш учун шакллантирилган саволлари Кенгаш раиси томонидан тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига юборилади.