ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мультипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 10.11.2026 йилдаги ПФ-243-сон

Фармонга кўра, қуйидагилар мазкур Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланди:
 
Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги, туризм салоҳиятини ошириш учун қиймати 50 млн АҚШ доллари ва ундан ортиқ бўлган йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
 
йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги маъмурий тўсиқлар ва бюрократик ғовларни тўлиқ бартараф этиш ва бошқалар.
 
Мазкур Фармон иловасида белгиланган ҳудудларда (махсус ҳудудлар) шаҳарсозлик соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича “тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими (махсус ҳуқуқий режим) жорий этилиши белгиланди.
 
Қонунчилик ҳужжатларида Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясига берилган барча ваколатлар, имтиёзлар, ҳуқуқлар, шу жумладан, қуйидаги ваколатлар бошқа махсус ҳудудларни барпо этишга масъул дирекцияларга ҳам татбиқ этилиши белгиланди:

ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш бўйича ҳужжатларга бўлган талабларни мустақил равишда белгилаш ва тасдиқлаш;
 
ер участкаларини сотишда уларда барпо этиладиган объектларга қўйиладиган асосий талабларни мустақил белгилаш;
 
ҳудуддаги ер участкаларини реализация қилишда ҳар бир лойиҳага алоҳида техник шарт белгилаш ва бошқалар.

Фармонга кўра, махсус ҳуқуқий режим доирасида “давлат – инвестициявий шерик” тамойили асосида қуйидаги имтиёз ва преференциялар тақдим этилади:

махсус ҳуқуқий режим доирасида шаҳарсозлик лойиҳасини амалга оширувчи юридик шахслар қуйидаги муддатлар давомида лойиҳа объектини ижарага бериш ва сотиш натижасида олинган фойдадан 1 фоиз ставка бўйича фойда солиғини тўлайди:

тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми камида 50 млн АҚШ долларини ташкил этганда – 5 йил давомида;

тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми камида 100 млн АҚШ долларини ташкил этганда – 10 йил давомида;

тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми камида 500 миллион АҚШ долларини ташкил этганда – 15 йил давомида;

инвестиция ҳажми камида 50 млн АҚШ долларини ташкил этадиган шаҳарсозлик лойиҳалари доирасида фойдаланиладиган объектлар бўйича юридик шахслар 20 йил муддатга мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод этилади;

шаҳарсозлик лойиҳасини амалга ошириш доирасида бош пудратчи ва бош лойиҳа ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикасида фаолиятини амалга оширмайдиган чет эллик жисмоний ва юридик шахслардан сотиб олинадиган хизматлар ҚҚСдан озод этилади;

2040 йил 1 январга қадар инвесторлар (ташаббускорлар) томонидан шаҳарсозлик лойиҳаси доирасида олинган дивидендлар тарзидаги даромадлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайта инвестиция қилинган тақдирда, бундай даромадлар солиқдан озод қилинади.