Фармонга кўра, 2026/2027 йилги иситиш мавсумида 2026 йил ноябрь ойида қуйидагиларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади:
Ижтимоий реестрга (Реестр) киритилган оилаларга;
“маҳалла еттилиги” хулосаси асосида Реестрга киритилмаган, бироқ ижтимоий-иқтисодий ҳолати бўйича Реестрга киритиш мезонларига мос келадиган оилаларга, жумладан:
оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ошмайдиган оилаларга;
марказлаштирилган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилаларга. Бунда мазкур оилаларнинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ҳамда Тошкент шаҳрида 3 баробаридан ошмаслиги лозим;
барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман (шаҳар) штаблари қарорига мувофиқ ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади юқорида назарда тутилган мезонлардан ошган айрим эҳтиёжманд оилаларга;
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестридаги фуқароларга, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга.
Фармонга кўра, ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига босқичма-босқич ўтиш жараёнида оилаларнинг эҳтиёжмандлигини аниқлашда оиладаги жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад мезони қуйидагича оширилади:
электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича компенсация тайинлашда – минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан 2 баробаригача;
кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун моддий ёрдам ажратишда – минимал истеъмол харажатларининг 1 баробаридан 2 баробаригача;
“Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан коммунал харажатларни қоплаш ёки коммунал тўловлар бўйича мавжуд қарздорликни бартараф этишда ҳамда кўмир ёки бошқа ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш харажатларини қоплашда –минимал истеъмол харажатларининг 1 баробаридан 2 баробаригача.
Аҳолига электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича базавий меъёр доирасидаги тарифлар билан базавий меъёрдан ортиқ истеъмол учун белгиланган тарифлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш муддати 2028 йил 1 апрелга қадар, кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун моддий ёрдам тўлаш муддати эса 2029 йил 1 январга қадар узайтирилади.