Қарорга кўра, мақсадли дастурлар доирасида молиялаштириладиган объектларни қуриш-таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачи хизматларини кўрсатишда:
бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар бўйича муаллифлик назоратини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар шартномада алоҳида кўрсатилади ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш қийматининг 10 фоизи миқдорида белгиланади;
лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун тузиладиган шартномаларга мувофиқ лойиҳа ташкилотларига бир марта 30 фоиз миқдорида олдиндан бўнак тўлови тўланади;
лойиҳалаштириш топшириқлари рақамли форматда ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши талаб этилади;
ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими (МАТ) орқали қабул қилинади ва автоматик равишда бир иш кунида экспертизага юборилади.
“Шаффоф қурилиш” МАТда объектларни лойиҳалаштириш топшириқларининг рақамлаштирилиши босқичма-босқич таъминланади:
2026 йил 1 декабрга қадар — мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари объектлари;
2027 йил 1 сентябрга қадар — соғлиқни сақлаш йўналишидаги объектлар;
2028 йил 1 июнга қадар — қолган бошқа йўналишдаги объектлар.
2027 йил 1 мартдан бошлаб мақсадли дастурлар доирасида бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларида ягона ёндашув жорий қилинади. Бунда:
намунавий ва такрорий қўлланадиган лойиҳалар “Шаффоф қурилиш” МАТга жойлаштирилади;
қурилиши тасдиқланган намунавий лойиҳаларга асосан уларни жойига боғлаш орқали амалга оширилади (муҳандислик-коммуникация тармоқлари бундан мустасно);
объектларнинг лойиҳа ҳужжатларига ижобий экспертиза хулосаси олиниб, буюртмачи хизматининг ички буйруғи билан тасдиқланганидан сўнг асослантирилмаган қўшимча ва ўзгартириш киритилиши тақиқланади.
Тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан объектнинг қиймати лойиҳа ташкилотини аниқлаш учун фойдаланилган дастлабки қийматга нисбатан 1,5 баравардан юқори ёки камни ташкил этганда, лойиҳа-қидирув ишларининг қиймати қайта ҳисоблаб чиқилади.