ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 11.09.2026 йилдаги ПФ-193-сон

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раҳбарлигида барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича тегишлича ҳудудий штаблар, туман (шаҳар) ҳокимлари раҳбарлигида – туман (шаҳар) штаблари ташкил этилган.
 
Фармонга кўра, туман (шаҳар) штаби қарорига асосан Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни кооперацияга жалб қилган лидер тадбиркорларга 5 млрд сўмгача (жалб қилинган ҳар бир оила учун 50 млн сўм ҳисобда) гаров таъминотисиз кредит ажратилишига рухсат берилади.
 
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва ёшлар тадбиркорлиги дастурларининг имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати туман (шаҳар) штабларига ўтказилади.
 
2026 йил 1 октябрдан ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига туман (шаҳар) штаблари қарорлари асосида тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти (Компания) томонидан ёки белгиланган бошқа манбалар ҳисобидан компенсация қилиш механизми жорий қилинади. Бунда:
 
туман (шаҳар) штаблари маҳаллий шароит, лойиҳаларнинг самарадорлиги ва устувор йўналишлардан келиб чиқиб, компенсация тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилади, компенсациядан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ҳисобланади;
 
туман (шаҳар) штабларининг қарорлари компенсация тақдим этиш учун асос ҳисобланади. Компенсация тақдим этишда кредит тарихи, тадбиркор тоифаси, барқарорлик рейтинги ва бошқа талабларнинг жорий этилишига йўл қўйилмайди;
 
тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликда белгиланган умумий тартибда Компанияга компенсация олиш учун бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқи сақлаб қолинади;
 
бир молиялаштириш бўйича бир хил фоиз харажатларини 2 марта компенсация қилишга йўл қўйилмайди.

Фармонга кўра, “Саховат ва кўмак”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари сақлаб қолинган ҳолда уларнинг маблағларини тасарруф этиш ҳамда улар ҳисобидан ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ваколатлари туман (шаҳар) штабларига ўтказилади.
 
2027 йил 1 январдан:
 
аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматларга муҳтожлигини ўрганиш ҳамда Ижтимоий реестрга киритиш уларнинг молиявий ҳолатидан ташқари оила аъзоларидаги сурункали касалликлар, ногиронлик, ташқи меҳнат миграцияси, оиланинг кўп болали эканлиги каби мезонлар асосидаги кўп ўлчовли баҳолаш тизими орқали амалга оширилади;
 
кўп ўлчовли баҳолаш тизими доирасида оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли скоринг тизими орқали баҳоланиб, унинг натижаларига кўра оилалар тегишли тоифаларга ажратилган ҳолда ижтимоий ёрдам ва хизматлар билан қамраб олинади.
 
2027 йил 1 январдан меҳнат шартномаси асосида ишлаётган хотин-қизларга уларга берилган ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан бошлаб фарзанди 1 ёшга тўлгунга қадар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан болани парваришлаш нафақасини тўлаш тартиби жорий этилади.
 
Ижтимоий реестрнинг “давлат таъминотидаги оила” тоифасига киритилган оилалар аъзоларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2026 йилда қўшимча равишда 100 млрд сўм, 2027 йилда 300 млрд сўм фоизсиз кредитлар ажратилади.