Фармонга кўра, 2027 йил якунига қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларидан фойдаланган ҳолда Миллий статистика қўмитасида (Қўмита):
аҳолининг статистик регистрини шакллантириш ва қуйидаги шартларни таъминлаш орқали аҳоли сонини ҳисоблаш ва эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилади:
давлат органларининг аҳолига оид маълумотлар базалари ўзаро мувофиқлаштирилади ва маълумотларни доимий янгилаб бориш учун аҳолининг статистик регистрига интеграция қилинади;
аҳолининг статистик регистри “Киберхавфсизлик маркази” ДМ томонидан киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан экспертизадан ўтказилиб, тегишли хулоса олинганидан сўнг амалиётга жорий этилади ва ахборот тизими хавфсизлиги доимий тартибда мониторинг қилиб борилади;
аҳолининг статистик регистридан алоҳида рухсат берилган ходимлар томонидан фақат статистик мақсадларда жамланма статистик маълумотларни шакллантириш учун фойдаланилади. Бунда мазкур регистрда юритиладиган индивидуал маълумотлардан давлат органлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади;
қишлоқ хўжалигининг статистик регистри шакллантирилади ва ундаги маълумотларнинг доимий равишда янгилаб борилиши таъминланади.
Фармонга кўра, қуйидагилар 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегиясининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
барча расмий статистикани тайёрловчилар фаолиятини ягона ёндашув асосида мувофиқлаштириш, маълумотлар сифатини таъминлашнинг институционал салоҳиятини ошириш;
халқаро стандартлар ва замонавий статистик моделларга мувофиқ статистика услубиятларини такомиллаштириш;
рақамли трансформация, ҳисобот юкини камайтириш ва маълумотлар инфратузилмасини модернизация қилиш ва бошқалар.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бизнесни рўйхатга олиш 2026 йил 1 октябрь ҳолатига 2026 йил 15 октябрь – 30 ноябрь саналарида ўтказилади.
2027 йил 1 январдан статистика органлари томонидан ҳар чоракда ўтказиладиган танланма кузатувлар учун микрофирмалар ва кичик корхоналар йилда фақат 1 маротаба танлаб олиниши мумкин.