Низомга кўра, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон стандартлар институти томонидан қайта тайёрлаш курслари ҳар йили йилнинг бошида қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган режа-жадвал асосида ташкил этилади.
Буюртмачи қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш учун онлайн тарзда (Институтнинг расмий веб-сайти ёки Edu.tris.uz платформаси орқали) ёки бевосита Институтга ариза билан ёзма мурожаат қилади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
қайта тайёрлаш курсларида ўқиш учун буюртмачининг белгиланган шакл бўйича анкетаси;
буюртмачи хорижий давлатларда таълим олган бўлса, хорижий давлатларда таълим олганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг ва ваколатли давлат органи томонидан берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олингани ёки эквивалентлиги қайд этилган гувоҳнома нусхаси;
иш жойидан тавсифнома.
Аризалар 2 кун муддатда кўриб чиқилиб, буюртмачи билан қонунчиликда белгиланган тартибда шартнома расмийлаштирилади.
Институтда қайта тайёрлаш курслари тингловчининг асосий иш жойидан ажралган ёки ажралмаган ҳолда қайта тайёрлаш шаклларида (анъанавий, масофавий) ташкил этилади.