ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 28.08.2026 йилдаги ПФ-177-сон

Фармонга кўра, давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда аванс тўлови 15 фоиз миқдорида ва уни тўлаш муддати 30 календарь кун этиб белгиланади ҳамда қолган суммани қонунчиликда белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.
 
Сотиб олиш тўловлари БҲМининг 23 000 бараваридан юқори электрон онлайн аукцион, танлов ва биржа савдоларида сотилган давлат активлари ҳамда БҲМнинг 8 000 бараваридан юқори қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича:
 
100 фоиз тўловни 6 ой давомида тўлаган харидорга жами суммага нисбатан 25 фоиз чегирма қўллаш;
 
50 фоиз тўловни 6 ой давомида тўлаган харидорга қолган суммани фоизсиз 7 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш;
 
35 фоиз тўловни 3 ой давомида тўлаган харидорга қолган суммани фоизсиз 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.
 
Давлат активлари учун тўловнинг камида 50 фоизини тўлаган харидорларга уларни реконструкция қилиш (янгидан қуриш учун бузиш) ва таъмирлаш ҳуқуқи берилади.
 
Давлат активлари очиқ электрон онлайн аукцион ва биржа савдоларида 3 ой давомида сотилмаганда уларнинг бошланғич нархи қолдиқ (баланс) қиймати ёки соф активлари миқдоридан қатъи назар 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилади.
 
Давлат активлари 2 ой давомида сотилмаганда, Давлат активларини бошқариш агентлигига уларни лотларга бўлган ёки бирлаштирган ҳолда қайта савдога чиқариш ваколати берилади.

Фармонга кўра, музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш йўли билан давлат мулкини хусусийлаштириш жараёни бошланган давлат иштирокидаги корхона бўйича нарх таклифи келиб тушгандан кейин унинг соф фойдаси (баҳолашда инобатга олинган бўлса) корхона ихтиёрида қолдирилади.
 
Давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар активлари, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотишда:
 
электрон онлайн аукцион савдоларида аукцион қадами аукцион объектининг бошланғич нархининг 1 фоизи миқдорида белгиланади;
 
такрорий савдоларда фақат 1 нафар талабгордан ариза келиб тушган тақдирда, унга ушбу савдода эълон қилинган нархда лотни ихтиёрий сотиб олиш таклиф этилади;
 
электрон онлайн аукцион ва танлов савдосини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани эълон қилиш муддати 30 кундан 15 кунга, такрорий савдоларда - 10 кундан 5 кунга қисқартирилади.
 
Давлат активлари 3 ой давомида сотилмаганда, уларни электрон онлайн аукцион ва танлов савдоларида гибрид аукцион (англо-голланд модели) асосида реализация қилишга рухсат берилади.
 
Бунда такрорий аукцион савдолари мол-мулкнинг бошланғич баҳосидан бошланиб, савдо жараёнида дастлаб нархни босқичма-босқич 2 фоиздан пасайтириб бориш тартибида, кейинчалик мулкни сотиб олиш таклифи билдирилганда таклиф билдирилган нархдан бошлаб ошириб бориш тартибида ўтказилади.

Фармонга кўра, 2030 йил 1 январга қадар:
 
қарздорлик эвазига тижорат банклари балансига олинган ва улар муассислигидаги инвестиция компаниялари балансидаги кўчмас мулк объектларини сотиб олаётган харидорлар, шунингдек, балансга қабул қилаётган банклар ва улар муассислигидаги инвестиция компаниялари ушбу кўчмас мулк объектлари бўйича мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод этилади;
 
бунда тижорат банклари мулкни балансга қабул қилган санадан 6 ой муддатга, инвестиция компаниялари мулкни балансга қабул қилган санадан ўн икки ой муддатга, харидорлар мулкни тўлиқ суммасини тўлаб сотиб олганда 12 ой муддатга мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод этилади;
 
мол-мулклар қарздорлик эвазига ундан воз кечиш ҳақидаги шартномага асосан тижорат банкига ихтиёрий топширилганда мулк эгаси бўлган юридик шахс ҚҚС тўлашдан озод этилади;
 
тижорат банклари балансидаги қарздорлик эвазига олинган мол-мулкни 1 йилдан ортиқ муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотишда ҚҚС мол-мулкнинг сотиш қиймати билан баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарққа нисбатан ҳисобланади.
 
Қарздорликнинг суддан ташқари тартибда ундирувини рағбатлантириш мақсадида қарздорлик эвазига мол-мулкдан ихтиёрий воз кечиш ҳақидаги шартнома доирасида:
 
давлат иштирокидаги банкка берилган мол-мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга, шу жумладан, кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш, лизинг ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа битимлар орқали сотишга рухсат этилади;
 
гаровда турган мол-мулклар банкка берилаётганда солиқ идоралари ва Мажбурий ижро бюросида солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги юзасидан мавжуд тақиқларни истисно қилган ҳолда нотариал битимларни амалга ошириш бўйича нотариусларга ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича Кадастр агентлигига ваколат берилади.
 
Давлат иштирокидаги банкларнинг Давлат активларини бошқариш агентлигига топширган мулклари (улушлари) 1 йил муддатда сотилмаган тақдирда, ушбу мулклар (улушлар) банкларнинг сўровига асосан уларга қайтариб берилади.

Фармонга кўра, ҳудудларда, шу жумладан, олис жойлардаги бошланғич нархини босқичма-босқич пасайтириш механизми қўллангандан кейин ҳам 3 ойдан ортиқ муддатда сотилмаган ва харидорлар учун жозибадор бўлмаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига бўлган мулк ва ижара ҳуқуқи:

очиқ электрон аукцион савдолари орқали тегишли лойиҳани амалга ошириш шарти билан юридик шахсларнинг устав капиталига улуш сифатида киритилишига йўл қўйилади.
 
Бунда аукцион савдосида 1 нафар талабгордан ариза келиб тушган тақдирда ҳам ер участкаси унинг устав капиталига эълон қилинган нархда киритилади ва шаклланган улуш кейинчалик ушбу юридик шахснинг ўзига сотиб олиш учун таклиф этилади.
 
Давлат кўчмас мулк объектлари хусусийлаштирилганда уларга бириктирилган ер участкаларига нисбатан сотилгунга қадар бўлган ҳуқуқлар (умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ва ижара ҳуқуқи) уларни хусусийлаштириб олган субъектлар учун амалдаги тартибда сақланиб қолади.
 
Бунда ер участкалари бўйича ижара шартномаларини қайта тузиш талаб этилмайди.
 
Ер участкаларини ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши келишувидан ўтказган ва қурилишга бўлган барча рухсатнома ҳужжатларини олган ҳолда "тайёр пакет" усулида савдога чиқаришни ташкил этишга маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва улар муассислигидаги инвестиция компаниялари масъул ҳисобланади.
 
Бунда:
 
"тайёр пакет" ишлаб чиқиш учун хизмат ҳақи харажатларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплашга рухсат этилади;
 
ер участкаси унинг бошланғич нархига "тайёр пакет"ни ишлаб чиқиш харажатлари қўшилган ҳолда аукционга чиқарилади ва кейинчалик харажатлар ер участкасини сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан қопланади;
 
ер участкалари устувор равишда мастер режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланган ҳудудлардан танланади.

Фармонга кўра, хусусийлаштириш субъектларига тегишли ер участкасининг бир қисми йўлнинг ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларининг муҳофаза зонаси ҳудудида жойлашганда, унинг муҳофаза зонасига тушмаган қисмини хусусийлаштиришга йўл қўйилади.
 
Давлат улуши бўлган тижорат банклари туманларда тадбиркорлар учун сунъий интеллект ёрдамида "лойиҳалар фабрикаси" тамойилида лойиҳаларни устувор равишда савдодаги давлат мулки объектлари ва ер участкалари негизида амалга оширишни таклиф этади.
 
2026 йил 1 октябрдан устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав капиталида ушбу юридик шахсларнинг улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.
 
Рақобат муҳити шаклланган соҳаларда Давлат бюджетидан молиялаштириш манбасига эга бўлмаган давлат муассасаларини (мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ муассасалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) ташкил этиш тақиқланади.
 
Тижорат фаолиятини амалга оширадиган давлат муассасалари (бошқарув, ижтимоий-маданий ёки тижоратчиликдан иборат бўлмаган бошқа вазифаларни амалга оширадиган давлат муассасалари бундан мустасно) 2026 йил 1 декабрга қадар хўжалик жамиятларига айлантирилади.
 
Давлат иштирокидаги корхоналар тизимидаги муассаса шаклидаги носоҳавий ташкилотлар давлат иштирокидаги корхоналар таркибидан чиқарилади, хўжалик жамиятларига айлантирилган ҳолда оммавий савдоларга чиқарилади.