ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Ўзбекистон Республикасида экскурсия хизматларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 04.09.2026 йилдаги 468-сон

Қарорга кўра, 2026 йил 1 декабрдан:
 
Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтига (Институт) гидларга (гид-таржимонларга) уларнинг хоҳишига кўра ҳаваскор, ихтисослашган ва профессионал малака тоифасини бериш ваколати берилади;
 
малака сертификати чекланмаган муддатга берилади;
 
гид сифатида сўнгги 2 йил давомида фаолият юритмаган шахслар малака имтиҳонини қайта топширади.
 
Қарор билан “Гидларга (гид-таржимонларга) малака тоифасини бериш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
 
Низомга кўра, малака тоифаси ихтиёрий асосда берилади ҳамда унинг мавжуд эмаслиги гидларнинг (гид-таржимонларнинг) қонунчиликда белгиланган тартибда олинган малака сертификати асосида фаолият юритиш ҳуқуқини чекламайди.
 
Гидларга (гид-таржимонларга) қуйидаги малака тоифалари берилади:
 
ҳаваскор гид малака тоифаси;
ихтисослашган гид малака тоифаси;
профессионал гид малака тоифаси;
олтин фонд гиди малака тоифаси.
 
Малака тоифаси беришда қуйидагилар инобатга олинади:
 
касбий билим ва амалий кўникмалар;
экскурсия хизматларини ташкил этиш ва ўтказиш маҳорати;
экскурсия объектлари бўйича билим даражаси;
туристлар билан мулоқот маданияти;
хорижий тилларни билиш даражаси;
касб этикаси қоидаларига риоя қилиниши.
 
Талабгорга малака тоифасини бериш касбий имтиҳонни топшириш натижаларининг энг кам кўрсаткичи қуйидагича белгиланади:
 
56 фоиздан 70 фоизгача – ҳаваскор гид малака тоифаси;
70 фоиздан ва 85 фоизгача – ихтисослашган гид малака тоифаси;
86 фоиздан юқори ва 100 фоизгача – профессионал гид малака тоифаси.