Ушбу Низом давлат олий таълим ташкилотларининг иқтидорли талабалари ўртасида “Энг инновацион ғоя” республика танловини ўтказиш, уларнинг стартап лойиҳага айлантириш имконияти юқори бўлган ғояларини саралаш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.
Низомга кўра, танлов ҳар йили сентябрь – декабрь ойларида ўтказилади.
Танлов 2 босқичда ташкил қилиниб, 1-босқич барча давлат олий таълим ташкилотларида ўзларининг талабалари учун ўтказилади.
Республика босқичи Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан 10 та йўналиш бўйича ўтказилади.
Таълим ташкилотлари ҳар йили 10 сентябрда танловнинг 1-босқичига аризалар қабули бошлангани тўғрисида эълон беради.
Танловда талабгорлар ҳар йили 10 октябрга қадар саралаш комиссияси номига ариза бериш орқали фақатгина битта инновацион ғоя билан иштирок этади.
Танловнда инновацион ғоялар саралаш ва танлов комиссия аъзолари томонидан қуйидаги 100 баллик мезонлар асосида баҳоланади:
инновацион ғоянинг илмий ва инновацион янгилиги – 20 баллгача;
инновацион ғоянинг долзарблиги – 20 баллгача;
мавжуд аналоглардан фарқи – 20 баллгача;
харажатлар сметасининг асослангани – 20 баллгача;
инновацион ғояни амалга оширишдан кутилаётган натижалар – 20 баллгача.
Танловнинг 1-босқичида ғолиблар қуйидаги миқдорда грант маблағлари билан тақдирланади:
1-ўрин учун – 50 млн сўм;
2-ўрин учун – 30 млн сўм;
3-ўрин учун – 20 млн сўм.
Танловнинг республика босқичида ғолиб деб топилган инновацион ғоялар Агентлик, талабгор ва ташкилот ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ қуйидаги миқдорда молиялаштирилади:
1-ўрин учун – 500 млн сўм;
2-ўрин учун – 300 млн сўм;
3-ўрин учун – 200 млн сўм.