ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига янгича ишлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 04.09.2026 йилдаги ПҚ-314-сон

Қарорга кўра, ички ишлар органлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлинмаларининг фаолияти қуйидаги устувор ишлаш механизмлари асосида яхлит тизим сифатида ташкил этилади:
 
хизмат йўналиши ва хизмат ўташ ҳудудидан қатъий назар фуқароларнинг мурожаатлари ва хабарларига тезкорлик билан муносабат билдириш;
 
аҳоли билан бевосита яқиндан ва очиқ мулоқотга киришиш ҳамда уларнинг ҳуқуқбузарликка сабаб бўлиши мумкин бўлган муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш;
 
бевосита жойларнинг ўзида ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабаб ва омилларини барвақт аниқлаш ва бартараф қилиш, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан кунлик асосда манзилли профилактик ишларни йўлга қўйиш.
 
Профилактика инспекторининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
 
Профилактика инспекторларига қуйидаги қўшимча ваколатлар берилади:
 
кўриб чиқиш ваколати доирасидаги биринчи маротаба содир этилаётган 17 турдаги кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича маъмурий огоҳлантириш жазосини қўллаш;
 
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида маҳалла кўчалари ва йўлакларида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ 4 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жазо қўллаш;
 
туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарларининг ваколатидаги 9 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш.

Қарорга кўра, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва аҳоли билан яқиндан ишлаш бўйича ҳуқуқбузарликлар профилактикасини манзилли ташкил этишда қуйидаги тартиб ўрнатилади:
 
профилактика инспектори касбий фаолиятининг устувор мақсади унга нисбатан аҳоли ишончининг юқори даражасига эришиш ҳамда хизмат жойида жиноятчиликни жиловлаш этиб белгиланади;
 
профилактика инспекторларига уларнинг касбий фаолиятига доир вазифалардан ташқари қўшимча вазифалар белгиланиши, шунингдек, бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиқ бўлмаган бошқа раҳбарлар томонидан топшириқ ва кўрсатмалар берилишига йўл қўйилмайди;

аҳоли томонидан овоз бериш тартибида профилактика инспекторининг касбий фаолиятига нисбатан “ишончсизлик ташаббуси”ни билдириш тизими жорий этилади ҳамда натижада унга нисбатан ички ишлар органлари хизматидан бўшатишгача бўлган жазо чораси қўлланилишига асослар яратилади;
 
судлар томонидан профилактика инспекторларининг электрон шаклда юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлари бўйича заруратсиз қўшимча равишда қоғоз шаклидаги ҳужжатларни талаб этишга оид амалиёт бекор қилинади.
 
Профилактика инспекторининг хизмат жойидаги касбий фаолияти натижадорлигини баҳолаш қуйидаги устувор мезонларга мувофиқ амалга оширилади:
 
аҳолининг профилактика инспекторига ишончи даражаси;
 
хавф гуруҳига кирувчи шахслар томонидан (аҳолининг ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил тоифаси) ёки уларга нисбатан (ҳуқуқбузарликдан жабрланиш хавфи бўлган тоифаси) жиноят содир этилиши даражаси;
 
шахслар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликларни қайта содир этиш даражаси.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 ноябрдан:
 
патруллик йўналишида бўлган ички ишлар органлари патруль-пост ва қўриқлаш хизматлари нарядлари томонидан “112” тизими орқали келиб тушган, нафақат жамоат жойларида, балки аҳоли яшаш хонадонларида содир этилган жиноят ва ҳодисалар тўғрисидаги хабарлар бўйича ҳам тезкорлик билан етиб бориш амалиёти йўлга қўйилади;
 
24/7 режимдаги гастрономик кўчаларда жамоат тартибини сақлаш ички ишлар органлари ва ҳудудий ҳокимликлар ўртасида тузиладиган шартнома асосида патруль-пост хизмати бўлинмалари томонидан амалга оширилади;
 
оммавий тадбирларда жамоат тартибини бузган шахсларга нисбатан келгуси оммавий тадбирларга киришига вақтинча чеклов қўйилади.
 
“Ҳар хил вазифалар – ягона ваколат” тамойили асосида қуйидаги тартиб ўрнатилади:
 
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир қуйидаги айрим функция ва ваколатлар ички ишлар органларининг патруль-пост ҳамда қўриқлаш хизматларига ҳам берилади:
 
йўналишдаги чорраҳалар, бозорлар, йирик савдо мажмуалари, таълим муассасалари атрофлари ҳамда марказий кўчаларида юзага келадиган тирбандликларни бартараф этиш;
 
йўлларда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга дарҳол муносабат билдириш, уларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш;
 
жамоат тартибини сақлашга доир қуйидаги айрим функция ва ваколатлар ички ишлар органларининг йўл-патруль хизматига ҳам берилади:
 
кўча ва жамоат жойларида содир этиладиган жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш, уларни содир этаётган шахсларни таъқиб қилиш, ушлаш ҳамда ички ишлар органларига олиб бориш;
 
белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш ҳамда жамоат жойида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш.