ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 27.08.2026 йилдаги ПФ-174-сон

Фармонга кўра, 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистон божхонаси – 2030” стратегияси (Стратегия) тасдиқланди ҳамда қуйидагилар Стратегиянинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
 
божхона жараёнларида тадбиркорлик субъектларига ва жисмоний шахсларга қулай шарт-шароитлар яратиш;
 
божхона органлари инфратузилмасини яхшилаш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали рақамлаштириш даражасини юқори босқичга олиб чиқиш;
 
божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва бошқалар.
 
2026 йил 1 сентябрдан қуйидаги талаблар бекор қилинади:
 
ташқи савдо шартномасини тузмасдан инвойс асосида импортни амалга оширишда хорижий ҳамкорга олдиндан тўлов ўтказиш чеклови;
 
ташқи савдо шартномасини тузмасдан инвойс асосида экспортни амалга оширишда олдиндан 50 фоиз тушумни таъминлаш;
 
товарлар экспортини миллий валютада амалга оширишда олдиндан тўловни таъминлаш ёки тўловнинг кафолатли шаклларини (аккредитив, банк кафолати, суғурта полиси) тақдим этиш;
 
озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш учун маҳсулот намунаси етарли бўлмаганда, санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш;
 
божхона расмийлаштируви жараёнида биологик актив ва янги кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, полимер, парфюмерия-косметика маҳсулотларини олиб кириш учун рухсатнома, шунингдек, дори воситалари ҳамда тиббий жиҳозлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиш.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 октябрдан:
 
солиқ органларида хавф даражаси паст ҳамда ҚҚС гувоҳномаси фаол бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига товарларни импорт қилишда тўланадиган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади;
 
товарлар экспортида назорат жараёнларининг рақамлаштирилиши ва такомиллаштирилиши ҳисобига божхона расмийлаштируви, фитосанитария сертификати ва фумигация ҳамда товарнинг келиб чиқиш сертификати учун йиғим ва тўловлар миқдори 30 фоизга камайтирилади;
 
2027 йил 1 январдан товарларнинг божхона қийматини назорат қилиш тартибини соддалаштиришга қаратилган қуйидаги чоралар кўрилади:
 
хавф даражаси паст ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини товарлар эркин муомалага чиқарилгандан кейин назорат қилиш;
 
божхона қийматини назорат қилиш мақсадида товарлар учун қатъий божхона қийматини белгилашни тақиқлаш;
 
божхона қиймати бўйича дастлабки қарор қабул қилиш амалиётини жорий этиш;
 
товарларнинг божхона қийматини назорат қилишда расмий диллер ва дистрибьюторларнинг нарх маълумотларидан фойдаланиш амалиётини йўлга қўйиш.
 
2027 йил 1 июндан жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб ўтиладиган товарлар бўйича ягона божхона тўлови миқдори тўланиши лозим бўлган божхона йиғимлари миқдоридан кам бўлган тақдирда, ушбу йиғимлар ундирилмайди.

Фармонга кўра, 2027 йил 1 июндан:
 
божхона назорати жараёнида товарнинг келиб чиқиш сертификати ва тақдим этилган ҳужжатлар ўртасида товарнинг хусусиятига таъсир этмайдиган кичик тафовутлар аниқланганда, ушбу тафовутлар сертификатни рад этишга асос бўлмайди;
 
экспорт қилишда экологик сертификат экспорт қилувчининг ихтиёрий мурожаатига асосан расмийлаштирилади;
 
транзит декларацияларини транспорт воситалари чегара божхона постига етиб келишидан олдин тақдим этиш тартиби жорий этилади;
 
дастлабки божхона юк декларациясини тақдим этишнинг қуйидагиларни ўз ичига олган янги соддалаштирилган амалиёти жорий этилади:
 
дастлабки божхона юк декларацияси ваколатли идоралар томонидан товарларга сертификат ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш учун ариза сифатида қабул қилинади;
 
ваколатли идоралар томонидан дастлабки божхона юк декларацияси асосида хавф даражаси паст бўлган товарларга сертификат ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олдиндан берилади;
 
якуний декларацияда ваколатли идоралар томонидан берилган сертификат ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни акс эттириш амалиёти бекор қилинади;
 
дастлабки божхона юк декларацияси асосида олиб киришга рухсат берилган товарлар чегара божхона постига етиб келганда, уларнинг хавф даражаси асосида тезлаштирилган тартибда чиқарилади.
 
2027 йил 1 январдан ягона божхона тўлови ставкаси товарнинг божхона қийматидан 20 фоиз, лекин ҳар бир килограмми учун 2 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.