Ушбу Конституциявий Қонуннинг мақсади Рақамли технологиялар халқаро марказининг алоҳида ҳудуд сифатидаги мақомини ва Марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режимни белгилашдан иборат.
Ушбу Конституциявий Қонун билан қуйидаги соҳаларда махсус ҳуқуқий режим ўрнатилади:
“Тартибга солиш қумдони” доирасида инновацияларни, хизматларни ва маҳсулотларни яратиш, синовдан ўтказиш ҳамда жорий этиш;
рақамли технологиялар соҳасига инвестицияларни жалб этишга ва мазкур соҳада экспорт фаолияти билан шуғулланишни рағбатлантиришга қаратилган тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш;
фуқаролик, корпоратив ва тижорат ҳуқуқига оид муносабатлар;
фуқаролик ва иқтисодий процессуал муносабатлар;
божхона иши ва солиқ солиш;
меҳнатга оид муносабатлар;
молия ва банк фаолияти, валюта операцияларини амалга ошириш;
маълумотларни ҳимоя қилиш, шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш;
давлат хизматларини кўрсатиш;
интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш.
Ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган махсус ҳуқуқий режим 2100 йилгача амал қилади.
Махсус ҳуқуқий режим Ўзбекистон Президенти томонидан белгиланган чегаралар доирасидаги Марказ ҳудудида амал қилади.
Марказнинг қарорлари унинг органлари томонидан қабул қилинадиган ва Марказ ҳудудида барча учун мажбурий бўлган ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган ҳужжатлардан иборатдир.