ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Урбанизация ва уй-жой қурилиши соҳасида ислоҳотларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 07.07.2026 йилдаги ПҚ-252-сон

Қарорга кўра, 2026 йил 1 ноябрдан Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси (Миллий қўмита) томонидан мастер режаларнинг ягона электрон реестри юритилади ва уларнинг рақамлаштирилган нусхалари Миллий қўмитада сақланади.
 
Бунда рўйхатдан ўтказилмаган мастер режаларни амалга оширишга, шунингдек, улар асосида шаҳарсозлик, қурилиш, инвестиция ва бошқа фаолиятни амалга оширишга йўл қўйилмайди.
 
Аҳоли пунктининг бош режаси тасдиқланган кундан бошлаб 3 ой муддатда бош режани рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастур (Комплекс дастур) ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланади. Бунда:
 
Комплекс дастур 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга мўлжалланган ҳолда ишлаб чиқилади;
 
Комплекс дастурда белгиланган тадбирларни молиялаштириш манбалари ва муддатлари аниқ кўрсатиб ўтилади;
 
Комплекс дастурнинг бажарилиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар кенгашларининг мажлисларида кўриб чиқилиши ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритилиши лозим;
 
Бош режалари мавжуд бўлмаган ёки ишлаб чиқилганига 10 йил ва ундан ортиқ муддат бўлган аҳоли пунктларининг бош режалари ва батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилиши республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

Қарорга кўра, қурилиш босқичларини кузатиб бориш мақсадида “Uy-joy” ягона рақамли урбанизация платформасида (“Uy-joy” ААТ) шаклланадиган ва “Шаффоф қурилиш” тизими билан интеграция қилинадиган Истиқболли қурилиш ҳудудининг ягона идентификатори, Лойиҳанинг рақамли паспорти ва Капитал қурилиш объекти рақамли паспорти жорий этилади.
 
2026 йил 1 октябрдан Ягона идентификаторда идентификация рақами олмасдан қурилишни бошлаш учун рухсатнома бериш тақиқланади.
 
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Тошкент архитектура-қурилиш университети таркибида Замонавий урбанистика ва агломерацияларни бошқариш факультети ташкил этилади.
 
Миллий қўмита ҳузурида Урбанистика, архитектура ва лойиҳалаштириш креатив парки ташкил этилади.
 
Миллий қўмитанинг шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини замонавий ва арзон уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳити сифатини ошириш, иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳоли пунктлари бўйича дастури – “UN-Habitat” ( “UN-Habitat” дастури) билан яқин ҳамкорлик ўрнатилади.