ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
«Рақамли ҳукумат» тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 08.07.2026 йилдаги ПҚ-257-сон

Қарорга кўра, қуйидагилар Ягона интеграциялашган рақамли платформа (Платформа)ни жорий этишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди, жумладан:
 
2028 йил якунига қадар давлат органларининг камида 5 мингта маъмурий функциясини рақамлаштириш;
 
давлат ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва эксплуатация қилиш харажатларини камида 30 фоизга қисқартириш ва бошқалар.
 
Платформа қуйидагиларни таъминлашга хизмат қилувчи “Рақамли ҳукумат” тизимининг технологик элементи ҳисобланади:
 
давлат ахборот тизимларини яратиш, ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва уларнинг киберхавфсизлигини таъминлашда ягона архитектура, стандартлар, технологик ва ташкилий ёндашувларни қўллаш;
 
қайта фойдаланиладиган рақамли компонентлар ва сервислардан фойдаланиш орқали давлат ахборот тизимларини ишлаб чиқишни тезлаштириш, стандартлаштириш ва харажатларни қисқартириш ва бошқалар.
 
2027 йил 1 январдан:
 
давлат органлари томонидан ички ҳужжат айланмаси, қарорлар қабул қилиш ва келишиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш Платформа ва унинг рақамли компонентларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга оширилади;
 
Платформа доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ўртасида маълумот алмашинувини осонлаштириш мақсадида очиқ интеграция (Open API) тамойили жорий қилинади.