ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Тошкeнт давлат юридик унивeрситeтининг махсус уч йиллик таълим дастурларига ўқишга қабул қилишга оид низомларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 30.06.2026 йилдаги 350-сон

Бунда, IQ тест юриспруденция таълим йўналиши бўйича Тошкент давлат юридик университетининг “Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик” ҳамда “Рақамли ҳуқуқ” таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда ўтказилади.

Рўйхатдан ўтиш жараёнларида ҳуқуқ соҳасида тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси билан бирга IQ тестдан ўтишни танлаган абитуриентлар учун IQ тест синовлари ТДЮУ томонидан IQ тест олувчи ҳамкор хорижий ташкилот билан ўзаро шартнома асосида ҳар йили 10 июльга қадар ўтказилиши белгиланган.

IQ тест синовларини ўтказиш ва натижаларни баҳолаш хорижий ташкилот талабларига асосан амалга оширилади.

Фақатгина, IQ тест синовларидан муваффақиятли ўтган абитуриентларга ОТТ ва бакалавриат таълим йўналишини танлаш жараёнида бошқа мос йўналишлар билан бирга ТДЮУнинг “Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик” ҳамда “Рақамли ҳуқуқ” таълим йўналишларини танлаш имконияти яратилади.

Маълумот учун, мазкур таълим йўналишларига танловда чет тиллари бўйича камида Б2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат талаб қилинади.

Ҳукумат қарори (350-сон, 30.06.2026 й.) билан "Олий маълумотга эга бўлган шахсларни Тошкент давлат юридик университетига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланди.

Мазкур низомга кўра, олий маълумотга эга бўлган шахслар ТДЮУнинг махсус 3 йиллик таълим дастури доирасида тест синовлари асосида иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун "юриспруденция" таълим йўналишига қабул қилинади.

Абитуриентлар ҳар йили 10 июльдан 10 августга қадар (шу куни ҳам) Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус электрон тизими орқали рўйхатдан ўтади.

Олий маълумотга эга бўлган шахслар “юриспруденция” таълим йўналишининг фақат мутахассислик фанлари ва чет тили доирасида тест жараёнларига қатнашади.

Бунда умумий тартибдаги кириш имтиҳонларида қўлланиладиган имтиёзлар (хорижий тилни билиш бўйича сертификатлар бундан мустасно) махсус 3 йиллик таълим дастурига татбиқ этилмайди.

Маълумот учун: қабул ТДЮУнинг мавжуд қувватлари, моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари таркиби ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари хусусиятидан келиб чиқиб, қабул параметрларидан ташқари квота доирасида “юриспруденция” таълим йўналиши ва ўқитишнинг кундузги, кечки, масофавий таълим шаклларида ташкил этилади.

Шунингдек, ТДЮУнинг магистратурасида ўқиш муддати "Юриспруденция" бакалавриат таълим йўналишини тамомлаганлар учун 1 йилни, турдош таълим йўналишларини тамомлаганлар учун эса 2 йилни ташкил этади.