Фармонга кўра, суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш, шу жумладан, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва тартибга солиш учун масъул бўлган Комплаенс назорат хизмати ташкил этилади.
Суд аппарати ходимлари касб масъулиятини янада чуқур ҳис этишлари мақсадида мансаб даражасига эга бўлган суд аппарати ходимлари учун ихтисослашган хизмат кийимини жорий этилади.
Суд тизимида коррупциянинг олдини олиш:
судьялар корпусига нисбатан – Судьялар олий кенгашининг Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси томонидан;
суд аппарати, шу жумладан, Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ходимларига нисбатан – Олий суднинг Комплаенс назорат хизмати томонидан амалга оширилади.
Комплаенс назорат хизмати раҳбари Олий суд раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий таъминот ва ижтимоий ҳимоя шартлари бўйича Олий суд департамент бошлиғига тенглаштирилади.
Комплаенс назорат хизмати лавозимларига ҳалол, пок ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган олий юридик маълумотли, шунингдек, қоида тариқасида, суд-ҳуқуқ соҳасида камида 5 йиллик иш стажига эга номзодлар тайинланади.
Фармонга кўра, HR-менежмент механизмларидан кенг фойдаланган ҳолда судлар аппаратининг кадрларини бошқариш ва назорат қилишнинг самарали ва замонавий тизими жорий этилади. Унга кўра 2026 йил якунига қадар:
номзодларнинг шахсий ва касбий фазилатлари, шу жумладан, уларнинг маънавий-ахлоқий ва ҳалоллик сифатларини ҳаққоний баҳолаш имконини берувчи очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш тизими жорий этилади;
вакант лавозимларни эълон қилиш ва номзодларни саралаш жараёнларини рақамлаштиришга мўлжалланган “vacancy.sud.uz” портали ҳамда суд тизимида ходимлар билан ишлашга қаратилган “SudHR” электрон платформаси ишлаб чиқилиб, ишга туширилади;
судларга олий юридик маълумот ва илмий салоҳиятга эга бўлган кадрларни жалб қилишда республиканинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.
2026 йил сентябргача Одил судлов академиясида судьялар ва суд аппарати ходимлари фаолиятида манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг бошқа кўринишларининг олдини олиш бўйича “реал кейслар”га асосланган ўқув-амалий модули жорий этилади.