ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритишни рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 08.05.2026 йилдаги ПФ-83-сон

Мазкур Фармон иловасидаги лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритиш ишларини ер тузиш лойиҳаси ва техник-иқтисодий асос (ТИА)га мувофиқ амалга оширишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар йили ер участкаларини фойдаланишга киритиш дастурини тасдиқлайди, ер тузиш лойиҳаси ва ТИА ишлаб чиқиш бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлигига буюртманома беради;
 
ер тузиш лойиҳаси ва ТИА ишлаб чиқилиши, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилиши Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил қилинади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва ҳудудга бириктирилган масъуллар томонидан тасдиқланади. Бунда ТИАда қуйидагилар назарда тутилади:
 
ер участкаларининг таҳлили, уларни фойдаланишга киритишнинг ҳар бир босқичидаги чора-тадбирлар, масъуллар, муддатлар, харажатлар, молиялаштириш манбалари, лойиҳа самарадорлиги, назорат;
 
чора-тадбирларни амалга ошириш учун талаб қилинадиган инструментлар ҳамда давлат томонидан тақдим этиладиган
қўллаб-қувватлаш чоралари;
 
ер участкалари (ер тузиш лойиҳаси ва ТИА билан биргаликда) қонунчиликда белгиланган қийматда “E-auksion” савдо платформасида электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади;
 
ер участкаларини фойдаланишга киритиш муддати у ўрнатилган тартибда ажратилган кундан бошлаб кўпи билан 2 йилгача этиб ТИАда белгиланади.