Қарорга кўра, 2026 йил 1 июлдан:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази” давлат муассасаси (Марказ) тиббий фаолиятни лицензиялаш бўйича ишчи орган сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан лицензия бериш ҳамда лицензиялаш билан боғлиқ бошқа барча функцияларни амалга оширади;
тиббиёт ташкилотларида тиббий хизмат сифатини назорат қилиш бўйича алоҳида тузилма фаолиятини йўлга қўйиш лицензия талаб ва шартлари этиб белгиланади;
тиббий фаолиятни лицензиялаш талаб ва шартларига риоя қилиниши ҳамда тиббий хизмат сифатини назорат қилиш бўйича:
текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартиби жорий қилинади;
текширув ўтказаётган назорат қилувчи органга нисбатан илгари текширилган фаолият даври, предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказилмаслигига оид талаблар татбиқ қилинмайди;
ўтказиладиган профилактика тадбирлари тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларни кўздан кечириш орқали амалга оширилиши мумкин;
тиббиёт ташкилотларини миллий аккредитациядан ўтказиш ваколати белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган тиббиёт соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳам берилади.
Қарорга кўра, давлат тиббиёт муассасаларига лицензия бериш орқали уларда лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш тизими жорий этилади. Бунда қуйидаги муддатларда лицензия олиниши мажбурий этиб белгиланади:
республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари – 2027 йил 1 апрелга қадар;
ҳудудий даражадаги давлат тиббиёт муассасалари – 2028 йил якунига қадар;
туман (шаҳар) даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари – 2030 йил якунига қадар.
2028 йил 1 апрелдан Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига миллий ёки Соғлиқни сақлашда сифат бўйича халқаро жамияти (ISQua) томонидан аккредитациядан ўтказилган ташкилотларнинг аккредитацияси (халқаро аккредитация)дан ўтмаган республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан тиббий хизматлар хариди бўйича шартнома тузиш тақиқланади.
2027 йил 1 апрелдан тиббий фаолиятни лицензиялашда тиббиёт ташкилотларининг ахборот тизимларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган ягона талабларга (стандартларга) мослаштирган ҳолда Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига мажбурий тартибда бепул интеграция қилиш орқали маълумот алмашинувини таъминлаш шартлари киритилади.