Фармоннинг 3-иловасига (https://lex.uz/docs/4872355#4873199) киритилган ўзгартиришларга кўра, БМТнинг вақтинчалик чоралар тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби белгиланди.
Унга кўра, БМТнинг шартномавий қўмиталари томонидан юборилган вақтинчалик чоралар тўғрисидаги мурожаат Ташқи ишлар вазирлиги орқали келиб тушгандан сўнг 1 кун муддатда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Адлия вазирлигига юборилади.
Марказ 1 кун муддатда масъул давлат органларига сўровнома юбориб, улардан вақтинчалик чораларни амалга ошириш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш ва зарурат туғилганда, асосланган тушунтириш тақдим этишни сўрайди.
Давлат органлари 3 кун муддатда амалга оширилган чора-тадбирлар ёки амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар юзасидан тушунтиришни Марказга тақдим этади.
Марказ ишчи гуруҳ билан биргаликда йиғилган маълумотлар асосида 3 кун муддатда Ҳукуматнинг расмий нуқтаи назарини шакллантиради ва Ташқи ишлар вазирлигига юборади.
Ҳукуматнинг расмий нуқтаи назари Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 2 кун муддатда БМТнинг шартномавий қўмиталарига юборилади.