ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 11.02.2026 йилдаги ПҚ-59-сон

Қарорга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан босқичма-босқич ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларининг 9–11-синф ўқувчилари учун ҳар ойда камида 2 маротаба стартап ғояларни яратишга ўргатувчи “Моҳирлик ва бизнес соати” тадбирлари ўтказилиши йўлга қўйилади. Бунда:

ўқувчилар ўртасида “Энг яхши стартап ғояси” танлови ўтказилади, туман даражасидаги ғолибларга 5 млн сўмгача, вилоят даражасида – 10 млн сўмгача миқдорда мукофот берилади;

лойиҳалар ҳар чоракда ўқувчиларнинг ота-оналари, бизнес ва илмий ҳамжамият вакилларига тақдимот қилинади;

маркетплейслар билан ҳамкорлик ўрнатиб, таълим ташкилотларида яратилган маҳсулотларни сотиш йўлга қўйилади.

2026 йил 1 апрелдан муаммо ва масалаларни краудсорсинг асосида ҳал қилишнинг қуйидаги тизими жорий этилади:

давлат органлари, ташкилотлари ва давлат иштирокидаги корхоналар ўз соҳасидаги ечим талаб қилаётган муаммо ва масалалар бўйича:

краудсорсинг электрон платформасида эълон жойлаштириб, танлов ташкил қилади;

ҳар ойда стартап ташаббускорлари билан учрашувлар (“Стартап куни”) ўтказади.

2026 йилдан ҳар йили стартап лойиҳага айлантириш салоҳияти юқори бўлган ғояларни аниқлаш бўйича “Энг инновацион ғоя” республика танлови ўтказилади.

Танлов давлат олий таълим ташкилотларида ўтказилади ва ғолибларга 100 млн сўм грант берилади;

республика босқичи 10 та йўналиш бўйича ўтказилади, мукофот жамғармаси Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 10 млрд сўм этиб белгиланади. 

2026 йил 1 сентябрдан олий таълим ташкилотларида “Олийгоҳлар – стартаплар генератори” дастури амалга оширилади. Бунда:

олий таълим ташкилотларида IT-парк ва венчур жамғармалар билан ҳамкорликда талабалар акселераторлари жорий этилади;

талабалар учун нуфузли халқаро акселераторлар ва университетлар билан стажировка ва алмашинув дастурлари йўлга қўйилади;

олий таълим ташкилотларига талабалар ва илмий ходимларнинг истиқболли стартап лойиҳаларига инкубация марказлари ва талабалар акселераторлари орқали ҳар бир лойиҳага 20 минг АҚШ долларигача эквивалентда ўз маблағларини инвестиция қилиш ҳуқуқи берилади; 

талабалар акселераторларида “стартап менежер” ва “стартап трекер” лавозимлари кўзда тутилади.