Фармонга кўра, қуйидагилар ташкил этилади:
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги (Агентлик);
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги бошқарув кенгаши.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат харидлари соҳасидаги вазифа, функция ва ваколатлари Агентликка ўтказилади.
2026 йил 1 июлдан:
Агентлик республика ва минтақа бозорини таҳлил қилиб, миллий иқтисодиётга қўшиладиган қиймат занжирларини оширишга хизмат қилувчи ўзлаштириш тавсия этиладиган рақобатбардош маҳсулотлар рўйхатини соҳалар кесимида босқичма-босқич шакллантиради ва эълон қилиб боради;
ўзлаштириш тавсия этиладиган рақобатбардош маҳсулотлар рўйхатига киритилган маҳсулотларни ўзлаштирган тадбиркорлар билан ўрнатилган тартибда кафолатли харид шартномалари тузилади;
Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини шакллантиришда маҳсулотларни ишлаб чиқаришда яратилган қўшилган қиймат улуши қўшимча балл берувчи кўрсаткичларга киритилади.
2027 йил 1 январдан:
кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида давлат харидларида харид предметини технологик занжирлар, функционал босқичлар ва иш турлари кесимида алоҳида лотларга бўлиш амалиёти жорий этилади;
корпоратив буюртмачиларда “профессионал харидор” сертификатига эга мутахассислар мавжуд бўлмаган тақдирда, 2028 йил 1 январдан бошлаб улар давлат харидларида иштирок этиши тақиқланади.
2026 йил 1 июлдан воситачи-брокер ва (ёки) дилерларга ишлаб чиқарувчилар билан шартнома тузиш орқали улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни давлат харидларида сотиш ҳуқуқи берилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари доирасида чет эллик етказиб берувчилар билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этганда уларга нисбатан таклиф этилган энг паст импорт товарларининг нархидан қуйидаги миқдорларда нарх преференцияси берилади:
3 та ва ундан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 15 фоиз;
2 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 12 фоиз;
1 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тақдирда 8 фоиз миқдорида.