ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 21.01.2026 йилдаги ЎРҚ-1115-сон

Қонун билан “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга қуйидагиларга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди: 

сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг умумий асосларини белгилаш;

ушбу соҳадаги ваколатли давлат органининг ваколатларини аниқлаштириш.

Унга кўра, сунъий интеллект – инсоннинг билим ва кўникмаларига тақлид қилиш, мустақил ўрганиш, ечимларни излаш ва аниқ вазифаларни бажаришда инсон ақлий фаолияти натижалари билан таққосланадиган натижаларни олиш имконини берувчи технологик ечимлар мажмуи.

Инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлигига алоқадор бўлган юридик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган технологиялар асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосаларига таяниш мумкин эмас.

Шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш, уларни ОАВлар, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш:

маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуролларини мусодара қилиб, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (41 млн 200 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.