ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 19.01.2026 йилдаги ПҚ-14-сон

Қарорга кўра, 2026 йил 1 майдан эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 1 тадан туман (шаҳар) миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имконияти яратилган, сунъий интеллект асосидаги “Ақлли” миграция шохобчалари ташкил этилади. Бунда:

дастлабки босқичда “Ақлли” миграция шохобчаларида белгиланган давлат хизматлари кўрсатилади;

Ички ишлар вазирлиги томонидан ўзига ўзи кўрсатиладиган хизматлар турлари кенгайтириб борилади.

2026 йил 1 майдан Миграция ва персоналлаштириш департаменти ва унинг ҳудудий бошқармаларига Ўзбекистонга электрон кириш визаси асосида кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг электрон визалари амал қилиш муддатини 1 маротаба 30 кунгача узайтириш ҳуқуқи берилади.

Чет эл фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномани расмийлаштириш ваколати Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига ҳам берилади.

2026 йил 1 сентябрдан талабалар ётоқхонасига жойлашиш бўйича шартнома тузиш билан бир вақтда талабаларни турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан жисмоний шахсларга идентификaцияловчи ID карталар 1-маротаба расмийлаштирилганда унинг чипига киритиладиган электрон рақамли имзо сертификати бепул берилади.

Департамент жисмоний шахсларнинг қуйидаги марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш бўйича ваколатли орган ҳисобланади:

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олинган манзили тўғрисидаги маълумотлар;

идентификaцияловчи ID карта серияси, рақами, берилган жойи ҳамда берилган санаси ва тугаш санаси тўғрисидаги маълумотлар;

Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар;

Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

Ўзбекистонга таклиф қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳақидаги, шунингдек, уларнинг виза муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.

2026 йил 1 сентябрдан қуйидаги давлат хизматларини ЯИДХП ва давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиш имконияти яратилади:

хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилиш;

фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ариза юбориш.