Қуйидагилар ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланди:
1000 дан ортиқ давлат ва хусусий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатишни йўлга қўйиш орқали тадбиркорлар фаолиятига тўлақонли ҳамроҳлик қилиш тизимини жорий этиш;
тадбиркорлар масалалари ва муаммоларини эшитиш, муҳокама қилиш ва жойида ҳал қилишга мўлжалланган сифат жиҳатдан янги майдонча яратиш.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 мартдан тадбиркорлик фаолиятига оид давлат хизматлари ва айрим хусусий хизматларни тадбиркорларга “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиш бўйича “Бизнес ҳамроҳ” лойиҳаси амалга оширилади.
“Бизнес ҳамроҳ” лойиҳаси доирасида:
Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этиладиган масъулияти чекланган жамият томонидан бошқариладиган “Бизнес ҳамроҳ” марказлари фаолияти йўлга қўйилади;
дастлабки босқичда “Бизнес ҳамроҳ” марказлари Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар марказларида 1 тадан ташкил этилади.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 мартдан республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг тадбиркорлар билан мулоқотини ташкил қилишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
раҳбарлар ҳар чоракда тасдиқланадиган режа-графиклар асосида ҳудудларда тадбиркорлар билан “Бизнес ҳамроҳ” марказларида учрашади;
режа-графиклар ҳар чоракда барча учун очиқ ҳолатда “Бизнес ҳамроҳ” электрон платформаси ва тегишли ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади;
платформадаги “Раҳбарлар билан мулоқот” модули орқали бир чорак давомида 1 та ҳудуддан камида 10 нафар тадбиркорнинг мурожаати йўналтирилган ташкилот раҳбарлари кейинги чорак учун мўлжалланган режа-графигига ушбу ҳудуддаги тадбиркорлар билан учрашув ўтказишни киритади;
учрашувларда кўтарилган ва “Бизнес ҳамроҳ” марказининг “Call маркази”дан келиб тушган мурожаатлар платформа орқали “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот порталига киритилади.
“Бизнес ҳамроҳ” марказлари зарур функционал имкониятларга эга бўлган давлат хизматлари марказлари биноларига тўғридан-тўғри жойлаштирилади.