Фармонга кўра, қуйидагилар уй-жой соҳасини барқарор ва мувозанатли ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди, жумладан:
“Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш ишларини изчил давом эттирган ҳолда уй-жой фондида замонавий уй-жойлар улушини 2040 йилга қадар 50 фоизга етказиш;
уй-жой қурилиши соҳасини “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили асосида комплекс ислоҳ қилиш ва уни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш.
Фармонга кўра, қуриб битказилмаган уй-жойларни биринчи навбатда қурилишга жалб этиш, шунингдек, экологик тоза маҳсулотлардан фойдаланиб уй-жой инфратузилмасини олдиндан барпо этишни назарда тутадиган комплекс қурилиш тамойили асосида уй-жойлар қурилишини ташкил этиш тартиби жорий этилади.
Комплекс қурилиш тамойили доирасида қуйидагилар таъминланади, жумладан:
комплекс қурилиш дастурларини фақат очиқ ва батафсил ишлаб чиқилган режалар асосида тайёрлаш;
лойиҳаларни амалга оширишда ҳудудларнинг келгусидаги ижтимоий эҳтиёжларини инобатга олувчи комплекс ёндашувдан фойдаланиш.
Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилади.
Миллий қўмита урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органидир.
Қуйидагилар Миллий қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
урбанизация жараёнларини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш;
самарали ва барқарор уй-жой сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
реновация дастурларини самарали амалга оширишни таъминлаш;
“Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ишларини мувофиқлаштириш, шу жумладан, ҳудудларни танлашда қонунчилик билан белгиланган мезонлар ва урбанизация тамойилларига риоя этилишини таъминлаш.