Фармонни қабул қилишдан асосий мақсад этиб тадбиркорларнинг маъмурий харажатларини 90 млрд сўмгача қисқартириш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёнларида 15 кунгача вақтини тежаш белгиланди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида қуйидаги хизматлар кўрсатилади:
электрон рақамли имзо калитини бериш;
банк ҳисобварақларини очишга ариза топшириш ҳамда уларни фаоллаштириш;
айрим фаолият турлари бўйича лицензия, рухсатнома олишга ариза ёки хабарнома юбориш;
кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш;
ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини олиш;
онлайн назорат-касса машиналарини онлайн равишда харид қилиш ва уларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш;
юридик шахс раҳбарини тайинлаш ва уни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобга қўйиш.
Фармонга кўра, “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили доирасида:
тадбиркор ҳар бир хизматдан ўз танлови асосида ихтиёрий равишда фойдаланади;
танланган хизматлар бўйича ягона QR код орқали тўловни амалга ошириш имконияти яратилади.
2026 йил 1 январдан:
ЯТТларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади;
тадбиркорларнинг бирламчи маълумотлари ўзгарганда ушбу маълумотлар бўйича ўзгартиришлар ЯТТ гувоҳномасига, лицензия, рухсатнома ва хабарномаларга автоматик тарзда бепул киритилади.
2026 йил 1 мартдан:
лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга жарима қўлланилганда, уларнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинади;
“Лицензия” ахборот тизимида лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олишда ихтиёрий дастлабки баҳолаш хизмати йўлга қўйилади.