ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Божхона соҳасидаги айрим тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 06.11.2025 йилдаги 700-сон

Низомга кўра, почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориладиган ҳамда божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар божхона назоратидан ўтказилиши керак.

Почта алоқаси оператори ва экспресс ташувчи томонидан почта ва курьерлик жўнатмалари божхона кўздан кечируви ҳамда божхона кўригини ўтказиш учун божхона органларига тақдим этилади.

Ушбу жўнатмалар орқали олиб кириладиган ва юбориладиган товарлар божхона назоратида ташиш шартларига риоя этган ҳолда манзил божхона постига етказилади.

Жўнатмаларни ташиш, юклаш (қайта юклаш), тушириш, сақлаш ва бошқа шу каби юк операцияларини амалга оширишда юзага келадиган харажатлар почта алоқаси оператори ёки экспресс ташувчи ҳисобидан қопланади.

Почта ва курьерлик жўнатмаси божхона органлари томонидан хавфни бошқариш тизимини қўллаган ҳолда “қизил”, “сариқ” ва “яшил” йўлаклар орқали рўйхатга олинган жўнатмалар декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилади.