ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 08.09.2025 йилдаги ПҚ-277-сон

Қарорга кўра, қуйидагилар ташкил этилади:

“Баркамол авлод” республика болалар мактаби ҳамда Республика ўқувчи-ёшлар маркази негизида Республика “Келажак” маркази;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) “Баркамол авлод” болалар мактаблари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар) “Келажак” марказлари;

Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари “Келажак” марказлари ҳузурида болалар сайёҳлик базалари.

“Келажак” марказларининг умумий ўрта таълим ташкилотларида вертикал тизимини жорий этиш мақсадида ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилади. 

Мактаб маслаҳатчиси лавозим маоши умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозим маошига тенглаштирилади.

2026 йил 1 сентябрдан менежерлик сертификатига эга мактаб маслаҳатчиларига лавозим маошига тегишлича ҳар ойлик 30 фоиз миқдорида қўшимча устамалар тўланади.

Қарорга кўра, “Келажак” марказларига қуйидагиларга рухсат этилади:

шартнома асосида малакали мутахассислар ҳамда нодавлат ўқув марказларини жалб этган ҳолда тўгараклар ташкил этиш;

ота-оналар бадали тўловини ота-оналар билан келишган ҳолда республика бўйича белгиланган минимал миқдорларга нисбатан ошириш.

2026 йил 1 январдан “Келажак” марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали тўловининг минимал миқдорлари қайта кўриб чиқилади. 

“Келажак” марказлари контингент сони бўйича иккита гуруҳга ажратилади. 

Бунда контингент сони 600 нафаргача бўлган “Келажак” марказлари – II гуруҳга, 601 нафар ва ундан ортиқ бўлганда – I гуруҳга тегишли ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) “Келажак” марказлари фаолияти қуйидагича ташкил этилади:

марказлардаги тўгараклар фаолияти замонавий ва ягона дастур асосида тегишли йўналишларга босқичма-босқич ихтисослаштирилади;

инклюзив тўгаракларга жалб қилинган педагогларга меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида ҳар ойда устама ҳақ тўланади.