ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 19.08.2025 йилдаги ПФ-138-сон

Фармонга кўра, 2026 йилдан қуйидагиларни назарда тутувчи Туризмни ривожлантириш дастури жорий этилади, жумладан:

2026–2028 йилларда тижорат банклари томонидан барча тоифадаги тадбиркорларга меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатгача қуйидаги миқдорларда кредитлар ажратилади:

вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, туризмга ихтисослашган туман (шаҳар)ларда қурилаётган меҳмонхоналар учун – 30 млрд сўмгача;

бошқа ҳудудларда – 10 мдрд сўмгача;

ҳар йили сайёҳларнинг энг кўп эътиборини қозонган ва нуфузли халқаро платформаларда ижобий эътироф этилган жойлаштириш воситаларини аниқлаш ва тақдирлаш бўйича мукофот жамғармаси 1 млн АҚШ долларига тенг танлов ўтказиш.

2026 йилдан давлат кўчмас мулкини ижарага бериш муддати 3 йилдан 5 йилгача оширилади.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан айланмадан олинадиган солиқ тўловидан илк марта ҚҚС тўловига ўтган тадбиркорларга қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланади:

1 йил давомида фойда солиғини тўлашдан озод қилиш;

1 йил давомида ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини бузганлик учун молиявий жарима қўлламаслик;

6 ой давомида бухгалтерия хизматлари харажатларининг ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3,5 бараваридан ошмаган қисмини тўлаётган солиқ тўловлари ҳисобидан чегириб ташлаш.

2026 йил 1 январдан солиқ мажбуриятларини бажаришнинг қуйидаги проактив тартиби жорий этилади:

юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботларини шакллантириш вазифаси солиқ органларига ўтказилади ва ушбу мажбурият солиқ тўловчилар учун бекор қилинади;

солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботларига солиқ тўловчи томонидан 5 иш кунида зарур тузатишларни киритиш ва тузатиш киритилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқи берилади.