Фармонга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари, ҳамда бошқа ташкилотларда ижро интизомини ташкил этишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг самарали механизмларини жорий қилиш;
ҳудудларда ислоҳотлар натижадорлигини ўрганиш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш ишларини сифатли ташкил этиш;
давлат органлари ва ташкилотларда ижрони ташкил этишда биринчи раҳбарларнинг масъулиятини ошириш;
ижро интизомини назорат қилиш жараёнларига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш.
Фармон билан, Ҳисоб палатасига қўшимча вазифалар юклатилди, жумладан:
Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини ўрганиш билан бирга уларнинг аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун самарадорлигини таҳлил қилиш;
ижро интизомини мустаҳкамлашга, мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини оширишга, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларига эришишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро этилиши юзасидан давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг қисқартириладиган штат бирликлари ҳисобидан Ҳисоб палатасига қўшимча 10 та бошқарув штат бирлиги ажратилади.