ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Транспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 15.05.2025 йилдаги 318-сон

Қарорга кўра, 2025 йил 1 июндан бошлаб: 

йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслик ҳолатларини ҳар қандай махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга;

шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07.00 дан 21.00 га қадар амалга оширишга  йўл қўйилмайди.

Шунингдек, қуйидагиларга рухсат этилди:

соат 23.00 дан 06.00 га қадар йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига;

амал қилиш вақтини кўрсатувчи қўшимча ахборот белгиларига эга “Тўхташ тақиқланган” ва “Тўхтаб туриш тақиқланган” йўл белгилари жойлашган ҳудудда уларнинг амал қилиш вақтидан ташқари пайтда транспорт воситаларининг тегишлича тўхташи ҳамда тўхтаб туришига.

мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари атрофидаги йўлларда Йўл ҳаракати қоидалари билан белгиланган тезлик чегарасини дам олиш кунлари, таътил даврлари ва 19.00 дан 07.00 га вақт оралиғида ушбу аҳоли пункти учун рухсат этилган умумий тезлик чегарасигача ошириб ҳаракатланишга.

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳаракат тезлигини назорат қилишга мўлжалланган ҳар қандай турдаги стационар ва мобиль радарлар жойлашган ҳудудда ва унгача камида 250 метрдан кам ҳамда 500 метрдан кўп бўлмаган ҳудудда “Радар” йўл белгисининг ўрнатилиши мажбурий ҳисобланади.