Фармонга кўра, диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
жамиятда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлашга оид илғор механизмларни жорий этиш;
диний-маърифий соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш орқали замон талабларига мос мутахассисларни етиштириш;
аҳоли орасида бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат руҳини кучайтириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган долзарб илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;
“Бағрикенг жамият – барқарор давлат” тамойили асосида янги ҳамкорлик тизими йўлга қўйилмоқда, ҳамкорлар:
Дин ишлари бўйича қўмита
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси
Ёшлар ишлари агентлиги
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси
Ички ишлар вазирлиги
Ушбу ҳамкорлик тизимининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
диний соҳадаги давлат сиёсатини амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш;
виждон эркинлигини таъминлаш, турли конфессиялар вакилларининг ўзаро аҳил-иноқ ва ҳамжиҳат ҳаёт кечиришини қўллаб-қувватлаш.
Фармонга мувофиқ, фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, 2025 йил 1 сентябргача “Ҳаж ва Умра ягона портали” ҳамда унинг мобил иловаси ишлаб чиқилади.
Порталда:
“Ҳаж” тадбирларига борувчи фуқароларнинг ягона электрон навбати ҳамда “Умра” тадбирларига юбориладиган зиёратчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилади;
“Ҳаж” ва “Умра” фаолияти тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ жараёнлар рақамлаштирилади.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси этиб қайта номланди.
Академия исломшунослик ва диншунослик соҳаларида мутахассисларни ҳамда ўқув дастури, қўлланма ва дарсликларни тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди.
Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти ташкил этилади.
Институт исломшунослик, диншунослик, давлат ва дин муносабатлари асослари йўналишларида мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга масъул муассаса ҳисобланади.
Фармонга кўра, Бухоро вилоятида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади.
Буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш ушбу марказнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди.
У исломшунослик йўналишидаги илмий тадқиқотларни ҳамда дин билан боғлиқ жараёнлар бўйича таҳлилларни амалга оширувчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди.
Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилади.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқот ишларининг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи ҳисобланади.
Кенгаш қуйидаги ташкилотларнинг таълим ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятини мувофиқлаштиради:
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази;
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази;
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази;
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси;
бошқа диний-маърифий муассасалар.
Шунингдек, Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш фаолияти такомиллаштирилиб, унинг таркибига сиёсий арбоблар, жамоатчилик фаоллари, диншунос олим ва мутахассислар кузатувчи сифатида киритилади.