ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 25.03.2025 йилдаги ПҚ-122-сон

Қарорга мувофиқ, 2025 йилда божхона соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:

соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этиш;

божхона органлари ахборот тизимларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш;

божхона органлари ташкилий тузилмаларини оптималлаштириш.

Божхона қўмитаси тизимида Божхона расмийлаштируви маркази ташкил этилади. Бунда ҳудудий бошқармаларнинг масофавий электрон декларациялаш божхона постлари босқичма-босқич тугатилади.

2026 йил 1 январга қадар Божхона институтида қуйидаги ахборот тизимлари жорий этилади:

таълим жараёнларини ташкил этиш ва бошқариш бўйича “Таълим менежменти” автоматлаштирилган ахборот тизими;

профессор-ўқитувчилар фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш бўйича “Самарадорликни баҳолаш” модули;

божхона органлари ходимлари малакасини ошириш бўйича  “Малака” автоматлаштирилган ахборот тизими.

2025 йил 1 июлдан суғурта ташкилотлари билан божхона органлари ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилган ҳолда чегара орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизми йўлга қўйилади. Бунда:

божхона постига кириб келган автотранспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлиги тўғрисида суғурта полисини расмийлаштириш божхона органлари ахборот тизимлари орқали амалга оширилади;

Божхона қўмитасининг тегишли дастурлари Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилинади;

чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш фуқаролик жавобгарлиги тўғрисида суғурта полиси мавжуд бўлганда амалга оширилади.

Қарорга асосан, товарлар расмийлаштируви жараёнида божхона органларининг  “Хавфларни бошқариш” ахборот тизими қуйидаги йўлаклар кесимида товар, транспорт воситалари, шахсларнинг хавф даражалари ҳамда уларга нисбатан қўлланиладиган божхона назорати шакллари ва ҳажмини белгилайди:

“яшил йўлак”да хавф даражаси паст белгиланади ва божхона назорати шакллари қўлланилмайди (товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати бундан мустасно). Бунда “яшил” йўлакка йўналтирилган товарлар автоматик тарзда расмийлаштирилади;

“сариқ йўлак”да хавф даражаси ўрта белгиланади ва божхона назоратининг бир ёки бир нечта шакллари қўлланилади (божхона ва шахсий кўрик бундан мустасно);

“қизил йўлак”да хавф даражаси юқори белгиланади ва божхона назоратининг бир ёки бир нечта шакллари қўлланилади;

“кўк йўлак”да божхона назорати шакллари товар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан сўнг амалга оширилади.

2025 йил 1 октябрдан товарларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит олиб ўтиш бўйича барча сертификат, хулоса ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар фақат “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади.

2026 йил 1 сентябрдан Божхона қўмитаси томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда барча иштирокчилар учун қулай бўлган тартиботларни, шу жумладан, логистика хизматларини ўз ичига олган ахборот платформаси жорий этилади.

Бундан ташқари, логистика учун қулай чегара ўтказиш пунктларига ёндош ҳудудларда божхона терминаллари қурилади. 

Шунингдек, айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида фитосанитар хавфи паст бўлган карантин остидаги маҳсулотлар учун карантин рухсатномалари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озон емирувчи моддалар ва улардан ташкил топган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун ветеринар рухсатномалар, мувофиқлик сертификати, гигиеник ва экологик сертификатлар 1 календарь йилдан ошмаган муддатга 1 маротаба тақдим этилади.