Қарорга кўра, қуйидаги низомлар тасдиқланди:
Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисидаги;
Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия, грант ва ссудалар ажратиш тартиби тўғрисидаги.
Жамғармнинг асосий мақсади “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оила аъзоларининг бандлигини рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этишга кўмаклашиш учун ушбу шахсларга ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи юридик ва жисмоний шахсларга субсидия, грант ва ссудалар ажратиш ҳисобланади.
2025 йил 1 октябрдан Жамғарма маблағлари ҳисобидан фуқароларга нақд пул шаклида бериладиган субсидия, грант ва ссудалар босқичма-босқич ижтимоий карта орқали тақдим этилади.
Низомга кўра, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, суғориш воситалари, уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун субсидиялар “Жамғарма–ташкилот–талабгор” ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида ажратилади.
Бунда аҳолига қуйидагилар учун субсидия ажратилади:
Енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун — БҲМнинг 30 бараваригача миқдорда;
Суғориш воситалари харид қилиш учун — БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда;
Уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун — БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда.
Талабгор субсидия олиш учун ўзининг доимий яшаш манзилидаги ҳоким ёрдамчисига ёки ЯИДХ (my.gov.uz) ва “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаат қилиши мумкин.