Қарорга кўра, 2025 йилда муборак Рамазон ойининг бошланиши 1 март кунига тўғри келиши муносабати билан ҳудудларда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади.
Ушбу фазилатли ойда “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида қуйидагиларга алоҳида эътибор берилади:
эҳтиёжмандлар ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам бериш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлашга;
оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини кучайтириш ҳамда ҳурмат ва меҳр-оқибат қадриятларини тараннум этишга;
атроф-муҳитни асраш, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш, кўчатлар экишга ҳамда Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларда меъёрга амал қилиш ва исрофгарчиликка йўл қўймасликка.