ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 02.12.2024 йилдаги ПФ-201-сон

Фармонга мувофиқ:

1) Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ва Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) комиссияларининг (Болалар масалалари бўйича комиссиялар) асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалда рўёбга чиқариш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ҳамда ахлоқий жиҳатдан камол топишига, қобилияти ва истеъдодини тўлиқ намоён этишига кўмаклашиш бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштириш;

болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бажарилаётган ишларни тизимли таҳлил қилиш, баҳолаш ва самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

ижтимоий етимликнинг олдини олиш ва болаларнинг устувор равишда оила муҳитида ўсиб-улғайишини таъминлаш мақсадида болаларни оилага тарбияга бериш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ва тарбияга бериш тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда ушбу тизимни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиб бориш;

сифатли таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш, болаларга чуқур билим бериш, уларнинг билим, малака ва кўникмаларини шакллантириш бўйича давлат органлари томонидан амалга оширилаётган ишларни мунтазам таҳлил қилиб бориш ҳамда таълим олишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш юзасидан таъсирчан чораларни белгилаш;

“Хавфсиз мактаб” тизими кенг жорий этилишига қаратилган ва мактабларда ахлоқий-психологик муҳитни яхшилаш бўйича дастурлар амалга оширилиши ҳолатини таҳлил қилиб бориш ва бошқалар;

2) Қуйидагилар:

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари тегишлича Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ва ҳудудий комиссияларнинг ишчи органи вазифасини бажаради.

болалар масалалари бўйича комиссиялар ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан ҳар чоракда камида бир марта йиғилиш ўтказади;

болалар масалалари бўйича комиссияларнинг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган таклифлари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади;

болалар масалалари бўйича комиссиялар ўз йиғилишларида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг комиссия фаолиятига доир масалалар бўйича ахборотларини эшитиб боради, шунингдек, ваколатлари доирасига кирувчи масалалар юзасидан давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни жалб қилади;

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республика Миллий маркази томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талаблари бўйича БМТга тақдим этиш учун тайёрланган ҳисобот ҳамда БМТ устав ва шартномавий органларининг ушбу ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича берилган таклиф ва тавсиялари Болалар масалалари бўйича миллий комиссия мажлисларида дастлабки тарзда кўриб чиқилади ва якуни бўйича тегишли тавсиялар берилади;

болалар масалалари бўйича комиссияларнинг ишчи органлари ўртасидаги вазифалар тақсимоти тегишли комиссия раиси томонидан белгиланади.