Қонун 10 та боб ва 68 та моддадан иборат.
1. Қонуннинг мақсади:
Электр энергетикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2. Электр энергетикаси корхонаси — электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, сақлаш, тақсимлаш, сотиб олиш, сотиш ёки электр энергияси бозорини ташкил этиш, шунингдек электр энергиясининг импорти ва экспорти бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс. Бунда акциялари бевосита ёки билвосита давлатга тегишли бўлган электр энергетикаси корхоналари гуруҳи битта вертикал интеграциялашган энергетика корхонаси ҳисобланмайди.
3. Электр энергетикаси соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
соғлом рақобат;
тенглик ва ҳисобдорлик;
очиқлик ва шаффофлик;
электр энергетикаси соҳаси хавфсизлигининг устуворлиги.
4. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:
электр энергетикаси соҳасини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
электр энергетикаси соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;
электр энергетикаси объектларини жойлаштириш учун ер участкаларининг берилишини таъминлайди;
ҳудудларда келгуси йилда электр энергиясини истеъмол қилиш прогнозларини келишади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тезкор-диспетчерлик бошқарувига, шунингдек электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, сақлаш, етказиб бериш (тақсимлаш, сотиш) фаолиятига аралашиши тақиқланади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
5. Электр энергияси бозори фаолиятининг мониторинги Энергетика бозори регулятори томонидан амалга оширилади.
Энергетика бозори регулятори қуйидаги таҳлилни ўз ичига олган йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 31 мартига қадар эълон қилади:
электр энергияси бозорининг фаолияти;
бозор иштирокчиларининг фаолияти;
нархлаш механизмлари;
тартибга солинадиган тарифларни қўллаш ва электр энергияси бозоридаги ўзгаришлар динамикаси.
Электр энергияси бозори оператори ва тегишли тизим оператори электр энергияси бозори иштирокчиларининг фаолиятини мониторинг қилади ҳамда бозор қоидалари бузилганлиги ҳоллари тўғрисида энергетика бозори регуляторини ҳамда рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органини хабардор қилади.
6. Қуйидагилар электр энергияси бозорининг иштирокчиларидир:
электр энергияси бозори оператори;
ишлаб чиқарувчи;
электр энергиясини сақлаш тизими оператори;
узатиш тизими оператори;
марказий харид қилувчи;
трейдер;
тақсимлаш тизими оператори;
таъминотчи;
истеъмолчи.
Электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозори ташкил этилгунига қадар қуйидаги электр энергетикаси корхоналари электр энергиясини сотиш ва (ёки) сотиб олиш билан шуғулланади:
марказий харид қилувчи;
ишлаб чиқарувчи;
тайинланган таъминотчи;
тегишли тизим оператори.
Йирик истеъмолчилар электр энергиясини фақат электр энергиясининг рақобатли улгуржи бозорида ушбу Қонунга мувофиқ сотиб олиши шарт.