Фармонга мувофиқ:
1) 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб овчилик хўжалигини ташкил этишнинг қуйидаги тартибини ўрнатиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди:
а) ов қилиш фақат овчилик хўжаликлари ҳудудида амалга оширилади ва овчилик хўжаликлари ҳудудидан ташқарида ов қилишни амалга ошириш тақиқланади;
б) овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳамда ўрмон фонди ерларидан 10 гектаргача ер участкаси овчилик базалари ва 100 гектаргача ер участкаси питомниклар барпо этиш учун битта лот сифатида инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни белгилаган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга электрон онлайн-аукцион орқали 49 йил муддатга қуйидаги босқичларда ижара ҳуқуқи асосида ажратилади:
1-босқичда – 10 йил муддатга;
инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни бажариш натижаларига кўра:
2-босқичда – 10 йил муддатга;
3-босқичда – 29 йил муддатга;
в) электрон онлайн-аукцион ғолиби бўлган юридик ва жисмоний шахсларга овчилик хўжаликларига (овчилик базалари ва питомникларга) туташ ҳудуддаги ов қилиш жойлари Экология вазирлиги билан тўғридан-тўғри тузиладиган ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномага асосан овчилик хўжалигини юритиш учун бириктириб берилади;
г) овчилик хўжаликлари:
Экология вазирлиги томонидан тасдиқланадиган форматда ишлаб чиқилган ва келишилган 10 йилга мўлжалланган техник-иқтисодий асоснома материаллари асосида фаолият юритади;
питомникларда ёввойи ҳайвонларни тўлиқ босқичда етиштиришни йўлга қўйган ҳолда ўзларига бириктирилган ов қилиш жойларига қўйиб юборилган ёввойи ҳайвонлар сонига тенг миқдорида ёввойи ҳайвонларни Экология вазирлиги томонидан белгиланадиган тартиб асосида, уларнинг урчиш пайтларидан ташқари йил давомида ов қилишни ташкил этади. Бунда, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома олиш талаб этилмайди;
д) ёввойи ҳайвонларнинг урчиш пайтлари Зоология институтининг хулосаси асосида белгиланади.
2024 йил 1 сентябргача юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўзига тегишли ер участкаларида овчилик базалари ва питомниклар ташкил этилган тақдирда, овчилик хўжалигини юритиш учун ушбу ер участкасига туташ ҳудуддаги ов қилиш жойлари Экология вазирлиги билан тўғридан-тўғри тузиладиган ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномага асосан 49 йил муддатга бириктириб берилади;
2) Экология вазирлигига қуйидаги ваколатлар берилди:
овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартноманинг намунавий шаклини тасдиқлаш;
овчилик хўжалигини юритишда техник-иқтисодий асоснома материалларининг форматини тасдиқлаш;
юридик ва жисмоний шахслар билан овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисида шартнома тузиш;
3) Қуйидагилар:
а) 2024 йил 1 октябрдан бошлаб овчиларга овчилик йўлланмаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталар асосида Экология вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган электрон дастур орқали берилиши;
б) ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота ҳайвонот дунёси объектларининг давлат кадастри маълумотлари, ёввойи ҳайвонлар сонини ҳисобга олиш ва тутиладиган ёввойи ҳайвонларни ҳисобга олиш маълумотлари, республикада мавжуд ўрмон хўжаликлари, қўриқхоналар, питомниклар ва шундай фаолият билан шуғулланувчи бошқа жисмоний ва юридик шахслардан олинган ёввойи ҳайвонларни ҳисобга олиш маълумотларидан келиб чиққан ҳолда Экология вазирлиги томонидан ўрнатилиши;
в) ўлжа ови ташкил этилганда ов мавсумидан қатъи назар ҳафтанинг барча кунларида ов қилишга рухсат берилиши;
г) саноат усулида балиқ овлаш учун рухсат этилган тўрларни фақат саноат усулида балиқ овлаш учун квоталар ажратилган балиқчилик хўжаликларига сотишга йўл қўйилади, квоталар ажратилмаган балиқчилик хўжаликларига сотиш тақиқланиши белгиланди;
4) 2024 йил 1 октябрдан бошлаб овчилик гувоҳномасини беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилди:
овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни махсус ўқув курсларида ўқитиш (ўқув курслар) жорий этилади;
овчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, ўн саккиз ёшга тўлган, ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Экология вазирлиги ҳузуридаги Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти (Департамент) томонидан 2 йил муддатга берилади;
овчилик гувоҳномаси берилганлиги тўғрисидаги маълумот жисмоний шахсларнинг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотларига интеграция қилинади;
овчилик гувоҳномасини олиш учун ўқув курслари биохилма-хилликни асраш, ҳайвонларнинг турлари ва анатомияси, ов қилиш қоидалари, ов қилиш этикаси ва ов усуллари ҳамда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича махсус билимлар ўргатилишини назарда тутган ҳолда Департамент ёки таълим муассасалари томонидан ташкил этилади;
овчилик гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш учун ўқув курсларида қайта ўқиш талаб этилмайди;
овчилик гувоҳномасини расмийлаштирганлик учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида, нафақадаги ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида белгиланади;
овчилик гувоҳномасини бериш тартиби ва овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни ўқув курсларида ўқитиш тартиби Экология вазирлиги томонидан белгиланади.