Фармонга мувофиқ:
1) Сув хўжалиги вазирлиги барча манбалар бўйича ягона сув балансини юритувчи ҳамда Давлат сув кадастрини ташкил этиш ва юритишга оид ишларни мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди ҳамда унинг асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
ягона сув баланси ва Давлат сув кадастрини юритиш;
трансчегаравий ва ички дарёлар, сойлар сувларини самарали бошқариш ҳамда табиий кўллар, сув иншоотлари ва ер ости манбаларида етарли сув захирасини яратиш орқали мамлакат сув хавфсизлигини таъминлаш;
ирригация ва мелиорация тизимини ривожлантириш, иқтисодиётнинг барча соҳаларидаги истеъмолчиларни сув билан узлуксиз таъминлаш;
рақамли технологияларни кенг қўллаган ҳолда сув ресурсларини бошқариш ва сув ҳисобини юритишнинг шаффоф тизимини йўлга қўйиш;
соҳага ресурс тежовчи замонавий технологияларни, илм-фан ютуқлари ва ноу-хауларни кенг жорий этиш;
сувдан фойдаланиш ва сувни бошқаришга бозор механизмларини кенг жорий қилиш орқали сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
сувдан унумли фойдаланиш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга қаратилган илмий изланишларни ташкил этиш ва бошқалар;
2) Қуйидагилар сув хўжалиги бошқарувини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
Сув хўжалиги вазирлиги тузилмасини юқори, ўрта ва қуйи бўғинларга ажратган ҳолда ташкил қилиш ҳамда функцияларни аниқ белгилаш;
Сув хўжалиги вазирлигининг ягона сув балансини ва кадастрини юритишдаги ваколатини аниқ белгилаш;
сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг самарадорлигини ошириш;
стратегик ва инновацион ғоялар, илмий асосланган таклиф ва ташаббуслар асосида соҳа ривожланишини таъминлаш;
сув хўжалиги объектларида шаффоф бизнес юритиш тизимини йўлга қўйиш орқали сув хўжалиги объектларининг хусусий сектор учун жозибадорлигини ошириш;
сувдан фойдаланишга рухсат бериш тизимини соддалаштириш орқали сувдан фойдаланувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш;
меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш орқали соҳага малакали мутахассисларни жалб қилиш ва кадрлар қўнимсизлигини камайтириш;
йирик сув хўжалиги объектларини қуриш лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳавий лойиҳа институтлари фаолиятини жонлантириш;
3) Қуйидагилар тасдиқланди:
Сув хўжалиги вазирлигининг ташкилий тузилмаси;
Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлигининг ташкилий тузилмаси;
Сув хўжалиги лойиҳаларини амалга ошириш департаментининг ташкилий тузилмаси;
Сув хўжалиги вазирлиги ташкилотларининг уч бўғиндан иборат вертикал бошқарув тизими ҳамда функциялар тақсимоти;
4) 2024 йил 1 июлдан бошлаб Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тузилмасидаги ташкилотлар ходимларининг ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ лавозим маошини белгилашда тариф коэффициентлари оширилган миқдорда ҳамда 2025 йилдан бошлаб кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда ҳар ойлик устамалар қўлланиши белгиланди;
5) Қуйидагилар:
Сув хўжалиги вазирлиги “ЎзГИП” МЧЖ ва “Сувлойиҳа” МЧЖ ташкилотларининг давлат номидан иштирокчиси функцияларини амалга оширувчи орган ҳисобланиши;
Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари томонидан сув ресурсларини бошқариш борасидаги фаолиятига учинчи шахслар, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аралашуви тақиқланиши белгиланди.