Фармонга мувофиқ:
1) Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янги сифат босқичига олиб чиқишнинг асосий йўналишлари белгиланди;
2) Тўқимачилик маҳсулотларини қайта ишлашни чуқурлаштириш учун қулай молиявий шарт-шароитлар яратиш мақсадида қуйидаги қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилиши белгиланди:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 январдаги “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-2-сон Фармони билан тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати лойиҳалари учун тижорат банкларида очилган 12 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари ҳамда ажратилиши назарда тутилган 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси қарорига асосан қуйидаги йўналишларга қайта тақсимланиши:
тўқимачилик саноат зоналари дирекцияларига 10 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 4 фоиз ставкада ва қолган давр учун йиллик 5 фоиз ставкада – тадбиркорлар талаблари асосида ишлаб чиқариш биноларини, шунингдек, сув тозалаш иншоотларини қуриш учун;
Саноатни ривожлантириш жамғармасига (Жамғарма) – қиймати 10 миллион АҚШ долларигача миқдордаги газлама, трикотаж мато, бўяш-пардозлаш, сочиқ ва парда маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун ташкил этиладиган корхоналарнинг устав капиталига асбоб-ускуна қийматининг 15 фоизи миқдорида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг улуши сифатида киритиш учун;
б) тўқимачилик саноат зоналарида қуриладиган ишлаб чиқариш бино-иншоотлари тадбиркорларга тўғридан-тўғри 7 йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш ёки ижара асосида берилиши;
в) газлама, трикотаж мато, тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бўяш учун асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан хорижий валютада ажратиладиган кредитларнинг кредит суммасидан қатъи назар 7 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган қисми бўйича фоиз харажатларининг 6 фоиз банддан юқори қисми, бироқ 5 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан “1+2” тамойили асосида компенсация қилиб берилиши.
3) 2026 йил 1 январга қадар тўқимачилик саноат зоналари дирекциялари ва уларда ташкил этиладиган корхоналар мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод этилиши белгиланди;
4) Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган, Фармоннинг 1-иловасига мувофиқ рўйхат бўйича импорт қилинадиган хом ашё ва бошқа материаллар, бутловчилар ва эҳтиёт қисмлар 2027 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилиниши белгиланди.
5) Мазкур Фармоннинг 2-банди “а” кичик бандига мувофиқ Жамғарма маблағлари ҳисобидан корхоналарнинг устав капиталига киришда қуйидаги тартиб ўрнатилди, унга кўра:
лойиҳаларни амалга ошириш учун лойиҳа ташаббускори хорижий бренд ва инвесторлар билан келишувга эришиши ҳамда уларни жалб этиши мажбурий ҳисобланмайди;
лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш рентабеллиги кўрсаткичи 10 фоиздан кам бўлмаган миқдорда бўлиши талаб этилади;
Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази томонидан лойиҳа доирасида фақат харид қилинадиган асбоб-ускуналарнинг нарх параметрларининг жорий бозор конъюнктурасига мувофиқлиги кўриб чиқилади;
Жамғарманинг муайян лойиҳада иштирок этиш шартлари Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан тасдиқлаш учун Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига киритилади;
6) 2024 йил 1 майдан бошлаб:
2026 йил 1 майга қадар “А” ва ундан юқори тоифадаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмаслиги, шунингдек, ушбу тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) 1 кун муддатда текширувларсиз амалга оширилиши;
банкларга тўқимачилик ва тикув-трикотаж йўналишидаги экспортчиларнинг экспорт шартномаси бўйича тўлов талаб қилиш ҳуқуқини, жумладан “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ маблағлари ҳисобидан банк хизматлари учун харажатларни чегирган ҳолда сотиб олишга рухсат берилиши;
“А” ва ундан юқори тоифадаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж йўналишидаги экспортчи корхоналарга аккредитивни гаровга олган ҳолда унинг 70 фоизи миқдорида ажратиладиган кредитлар учун банкларга “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан маблағ тақдим қилиш тизими жорий қилиниши белгиланди.