9 та боб, 45 та моддадан иборат.
1) Қонуннинг мақсади:
Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2) Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасининг хориждаги давлат мулкини хусусийлаштириш ушбу Қонун ва мулк жойлашган давлатнинг қонунчилиги инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.
3) Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат кўчмас мулк объектлари — давлатга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мулкий мажмуалар (корхоналар), бинолар ва иншоотлар, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектлар;
давлат мулкини хусусийлаштириш — давлат мулкини ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда жисмоний ва нодавлат юридик шахсларга реализация қилиш;
иштирокчи — оммавий савдоларда иштирок этувчи талабгор ёки унинг ваколатли вакили;
профессионал маслаҳатчи — хусусийлаштириладиган давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнига тайёрлашни ва сотишни, шунингдек у билан боғлиқ битимлар тузишни ташкил этиш мақсадида жалб қилинадиган, турли йўналишдаги маслаҳат хизматлари, шу жумладан молиявий, инвестициявий, иқтисодий ва (ёки) юридик масалалар бўйича хизматлар кўрсатадиган юридик ёки жисмоний шахс (шу жумладан чет эл юридик ёки жисмоний шахси);
талабгор — хусусийлаштириладиган давлат мулки бўйича оммавий савдоларда иштирок этиш учун ариза берган жисмоний ёки нодавлат юридик шахс.
4) Давлат мулкини хусусийлаштиришнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
очиқлик ва шаффофлик;
ҳисобдорлик;
тенг рақобат муҳитини таъминлаш;
коррупцияга йўл қўймаслик.
5) Хусусийлаштириладиган давлат мулки объектлари қуйидагилардан иборат:
давлат кўчмас мулк объектлари;
давлат улушлари (акциялари, улушлари);
6) Ваколатли давлат органи ва (ёки) унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда харидорлар давлат мулкини хусусийлаштириш субъектларидир.
Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида иштирок этиши қонунчиликка мувофиқ тақиқланган шахслар, шунингдек иштирок этиши инсофсиз рақобатга олиб келиши мумкин бўлган талабгорлар ва уларга нисбатан аффилланган шахслар давлат мулки хусусийлаштирилаётганда талабгор бўлиши мумкин эмас.