Фармонга мувофиқ:
1) IT-парк ҳудудида рақамли технологиялар соҳасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун қулай шароитларга эга бўлган махсус ҳудуд сифатида Рақамли технологиялар халқаро марказини (International Digital Technology Center — “ENTERPRISE UZBEKISTAN” – Марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифга розилик берилди;
2) Рақамли технологиялар вазирлигига Марказ ҳудудида хорижий IT компаниялар учун қўлланиладиган махсус ҳуқуқий режимни жорий қилиш мақсадида қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
рақамли технологиялар соҳасида тадбиркорлик ва инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун илғор халқаро тажрибаларга асосланган қулай шароитлар яратиш орқали мамлакатда рақамли иқтисодиётга инвестицияларни жалб этишга кўмаклашиш;
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) резидентлари, шунингдек, бошқа корхоналар ва ташкилотлар учун консалтинг, ҳуқуқий, молиявий ва бошқа хизматларни ривожлантириш;
корхона ва ташкилотларнинг рақамли технологиялари ҳамда хизматлари экспортини ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташқи бозорлардаги фаолиятини кенгайтиришга кўмаклашиш;
Марказ ҳудудида замонавий инфратузилмани ривожлантириш;
3) Рақамли технологиялар вазирлиги Адлия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига 2024 йил 1 декабрга қадар экспериментнинг дастлабки натижасини инобатга олган ҳолда “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топшириғи юклатилди ҳамда қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилиши таъминланиши кўзда тутилди:
Марказ бошқаруви ҳамда унинг мақоми;
рақамли технологиялар соҳасида инвестицияларни жалб этиш ва экспорт фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, божхона ва солиқ соҳасини тартибга солиш, меҳнат муносабатлари ҳамда бошқа шартларнинг алоҳида тартиби ва ҳуқуқий нормаларни белгиловчи махсус ҳуқуқий режим;
молия ва банк фаолиятини амалга ошириш, шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, шунингдек, тижорат ва фуқаролик низоларини кўриб чиқишнинг алоҳида тартиби;
Марказни молиялаштириш манбалари ва бошқа масалалар.