Фармонга асосан:
1) Давлат саноат сиёсатини амалга ошириш ҳамда саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш бўйича вазифа ва функциялар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юклатилди;
2) Бунда, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маҳаллий саноат тармоқларида ишлаб чиқариш, инвестиция, экспорт, маҳаллийлаштириш ва саноат зоналарини ривожлантириш масалалари учун масъул ҳисобланади;
3) Иқтисодиёт ва молия вазирлигида халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Саноат сиёсатини амалга ошириш ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилди ва унинг вазифалари белгиланди;
4) “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилиши белгиланди;
5) Вилоят, шаҳар ва туманларнинг иқтисодиёт ва молия бошқармалари ва бўлимларида саноатни ривожлантириш ва иқтисодиётнинг ресурслар билан таъминланганлигини таҳлил қилиш йиғма бўлимлари ташкил этилиши кўзда тутилди;
6) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида ташкил этилган “Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси “иссиқхона газлари савдоси” соҳасида давлат томонидан тартибга солиш ва халқаро ҳамкорлик бўйича ишчи орган ҳисобланади;
7) “Иссиқхона газлари савдоси” миллий тизими 2024 йил 1 июндан тажриба-синов тариқасида йўлга қўйилди ҳамда 2025 йил 1 январдан энергетика ва саноат тармоқларида тўлиқ жорий қилинди;
8) Республика ҳудудида амалга оширилган лойиҳалар асосида углерод бирликларини халқаро сертификациядан ўтказиш ва халқаро «иссиқхона газлари савдоси» ихтиёрий бозорларига савдога чиқариш учун йўналтириш Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан мажбурий тартибда келишилади;
9) 2024 йил 1 январдан бошлаб кимё саноатини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш функциялари қуйидагича тақсимланди:
а) Иқтисодиёт ва молия вазирлигига:
кимё саноатида ислоҳотларни амалга ошириш, тармоқда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, мавжуд табиий ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва талаб юқори бўлган сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича ягона сиёсатни амалга ошириш;
кимё саноатида сиёсатни белгиловчи стратегик ҳамда ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш ва ислоҳотлар дастурлари, шунингдек, бошқа дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
тармоқ корхоналарини трансформация қилиш ва уларнинг операцион самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш;
кимё саноати корхоналарини асосий хом ашё билан таъминлаш прогнозларини, шу жумладан ишлаб чиқариш ва ресурс балансларини шакллантириш ҳамда ижросини мувофиқлаштириш.